Вазирлар Маҳкамаси 11.12.2019 йилдаги “Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 982-сон қарорни қабул қилди.
Norma’нинг ёзишича, сув истеъмолчилари уюшмалари ишида тизимли камчиликлар мавжуд, бу сувдан фойдаланиш соҳасида қониқарсиз аҳволга олиб келди, деб таъкидланади ҳужжатда. Вазиятни ўнглаш учун мавжудлари негизида ҳар бир туман ва Қувасой шаҳрида биттадан сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил этилади.
Қуйидагилар янги сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
• фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, кластер ташкилотлари ва бошқа сув истеъмолчилари (кейинги ўринларда сув истеъмолчилари деб аталади) ўртасида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш ҳамда сув истеъмоли бўйича шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш;
• сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сув истеъмолчиларининг сув истеъмоли режалари ва сув олиш лимитларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш, ажратилган лимит доирасида сув етказиб бериш, унинг ҳисоб-китобини ва тизимли мониторингини олиб бориш;
• сув хўжалиги ташкилотлари билан биргаликда уюшма ва унинг гидроучасткаларини малакали кадрлар билан бутлаш ҳамда уларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш;
• маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ўз ҳисобидаги суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва тиклаш, сув истеъмолчиларининг сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда уларнинг ички суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларини ташкил қилиш;
• сув хўжалиги ташкилотлари билан биргаликда суғориш тармоғини реконструкция қилиш ва қуриш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларини белгиланган тартибда ташкил қилиш;
• ўз ҳисобидаги сув хўжалиги объектларидан мақсадли фойдаланиш, уларни техник соз ҳолда сақлаш;
• сув хўжалиги ташкилотлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сувни бошқаришда инновацион усулларни жорий этиш, сув истеъмолчилари томонидан томчилатиб суғориш ва сувни тежайдиган бошқа технологиялар жорий қилинишини ташкил қилиш.
Сув истеъмоли режалари, сув олиш лимитлари, бизнес-режалари, шунингдек сув истеъмолчиларига кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар миқдори уюшманинг умумий йиғилишида тасдиқланади. Қайта ташкил этилаётган уюшмалар давлат рўйхатидан ўтказилаётганда давлат божи тўловларидан, истисно тариқасида, озод қилинади. Уюшмаларнинг ижрочи директорлари лавозимига сув хўжалиги соҳаси бўйича олий маълумотли, иш тажрибасига эга бўлган шахсларни тайинлаш тавсия этилди.

















