Ҳодиса юзасидан дастлаб Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Kun.uz сайтига изоҳ берди. У кўчкига давомий ёмғир сабаб бўлгани, ёмғир сувлари котлован олдида сув ҳайдаш учун қурилган лоток ва бетон тўсиқ орасидаги тупроқни юмшатиб юборгани ва ер ўпирилиб туннелни босиб қолгани ҳақида айтди.
Кўп ўтмай Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳодиса юзасидан маълумот берди. Авария оқибатида 250 метр куб тупроқ ўпирилиб тушганди.
Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири авария оқибатида камида 5-6 киши тупроқ остида қолиб кетгани ва уларнинг тақдири номаълумлигича қолаётгани ҳақида маълумот олди. Ҳудуд ўраб олинган, атрофдаги йўлларда ҳаракат тўсиб қўйилган, ОАВ вакиллари воқеа жойига қўйилмаётган эди.
Атрофдаги маҳаллаларда яшовчилар воқеа рўй берган вақтда портлашни эслатувчи гумбурлаган овоз эшитилганини айтишди.
«Соат 10га яқин эди. Қаттиқ овоз эшитилди. Одамлар тўпланди. Дастлаб одамлар устига девор қулаб тушганини айтишди. Нима бўлганини аниқ кўрмадик. Лекин жудаям қўрқинчли иш бўлди. Портлаш бўлди деб ўйладик. Жудаям қаттиқ овоз эшитилганди. Тез орада йўлларни ёпиб ташлашди. Давлатнинг барча хизматлари етиб келишди», дейди шу ҳудудда яшовчи аёл.
Шу кунларда давлат ташрифи билан Японияда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссияга бош вазир ўринбосари, транспорт вазири Очилбой Раматов раис этиб тайинланди.
Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.
6 нафар қурбон
Кун давомида ОАВда ҳодиса талафотлари тўғрисида турли хабарлар тарқалиб турди, айрим хабарларда камида 5 киши ҳалок бўлгани маълум қилинса, айрим манбалар тупроқ остида 20 нафаргача ишчи қолиб кетгани ҳақида ҳам айтди.
18 декабрь куни ярим тунгача давом этган қидирув ишлари давомида 5 ишчининг жасади тупроқ остидан чиқариб олинди, 19 декабрь кунининг биринчи ярмида яна бир жасад олиб чиқилди ва ҳодиса қурбонларининг сони 6 нафарни ташкил этди.










