Light | 17:45 / 21.12.2019
14644
3 дақиқада ўқилади

Лондон тимсолларидан бирига айланган қизил телефон будкалари ҳақида нималарни биласиз?

Лондонга саёҳат қилган киши борки, у ердаги машҳур қизил телефон будкасини кўрган ва унинг шаҳар бўйлаб кенг тарқалганига эътибор қаратган. Лекин кўпчилик ҳам унинг оммалашиш тарихидан бохабар эмас. Kun.uz жамоаси Aнглияга сафари давомида шаҳарга кўрк бериб турувчи ушбу «кичик обида» билан қизиқди.

Aнглияда дастлабки телефон киоскалари 1921 йилда пайдо бўлган бўлиб, шартли равишда К1 (Kiosk 1) деб номланган, аммо бу модел кейинчалик ишлаб чиқарилган қизил телефон будкаларидан фарқ қилган. К1 бетондан ишланган бўлиб, вазни жуда оғир бўлгани сабабли оммалашмаган. Ҳозирда Буюк Британия бўйлаб К1 намунасидаги телефон будкаларидан фақат олтитагина сақланиб қолган.

К1 дунё юзини кўргандан уч йил ўтиб, янги намунадаги телефон киоскаларини ишлаб чиқариш ҳаракати бошланади. Ушбу мақсадда 1924 йил танлов эълон қилиниб, унда уч нафар машҳур архитектор – Роберт Лоример, Жон Бурнет ҳамда Гилз Гилберт Скот ўз лойиҳалари билан иштирок этади. Якунда Гилберт Скотнинг лойиҳаси ғолиб деб эълон қилиниб, К2 пайдо бўлади.

К2 олдинги намунадан яхшироқ бўлса-да, ҳажм жиҳатдан катталиги ва кенг кўламда ишлаб чиқариш қимматга тушиши сабаб яна янги лойиҳага эҳтиёж туғилади. 1927 йилдан 1934 йилгача бўлган даврда К3, К4 ва К5 намуналари тақдим этилади, аммо уларнинг ҳеч қайси бири оммалашмайди. 1935 йилда, Қирол Жорж бешинчининг тахтга келганига 25 йил тўлиши муносабати билан янги модел – К6 тақдим этилади. Орадан бир йил ўтиб, яъни 1936 йилдан бошлаб К6 оммавий равишда ишлаб чиқарила бошланади. Баландлиги 2.4 метр, оғирлиги 762 килограмм бўлган ушбу намуна тез орада бутун мамлакат бўйлаб кенг ёйилади ва Буюк Британиянинг ўзига хос «туризм бренди»га айланади.

1959 йилда лойихалаштирилган ва 1962 йилда тақдим этилган К7 намунаси ўзини оқламагани боис атиги ўн иккита шундай телефон қутиси ишлаб чиқарилади, холос. 1968 йилдаги К8 эса К6 сингари сезиларли даражада оммалашган, деб айтиш мумкин. Унинг лойиҳа муаллифи Брюс Мартиндир.

Гарчи ҳозирга келиб, уяли алоқа воситалари оммалашиб, телефон будкаларига эҳтиёж қолмаган бўлса-да, Aнглиянинг машҳур «қизил қутилари» сайёҳлар учун Лондонга ташриф буюришга ўзига хос «баҳона» вазифасини ўтайди.

Мавзуга оид