Ўзбекистон | 14:55 / 21.12.2019
4292
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун АҚШ, Европа, Осиё минтақаси ва МДҲга аъзо 20 дан зиёд давлатдан келган 100 нафардан ортиқ таҳлилий тузилмалар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари иштирок этди.

Хорижий экспертлар Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига юқори баҳо бериб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ўзига хос хусусиятга эга эканлигини, хусусан, унинг жамият ва давлат ҳаётидаги барча соҳаларни қамраб олганлигини алоҳида эътироф этишди.

Россиянинг Евросиё тадқиқотлар маркази директори А.Русаков Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ислоҳотларни эътироф этиб, улар энг аввало парламентнинг ҳокимият тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаши ва партияларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Эксперт фикрича, сиёсий институтларнинг мавқеини ошириш бугун МДҲ ҳудудидаги барча давлатлар учун долзарблигига қарамасдан, қабул қилинаётган қарорлар ва саъй-ҳаракатлар сезиларли натижалар кўрсатмаяпти. Шу туфайли россиялик сиёсатшуноснинг фикрига кўра, бугун Ўзбекистон сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг ижобий тажрибасига асос солишга барча имкониятларга эга.

Белгия парламенти собиқ сенатори А.Дестекше ўтказилаётган сайлов жараёнларига юқори баҳо бериб, тубдан янгиланаётган Ўзбекистоннинг қуйидаги муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди: 1) иқтисодиётнинг либераллаштирилаётганлиги ва бизнес доиралар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигининг ошаётганлиги; 2) минтақада ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган янги сиёсий муҳитнинг шаклланишида асосий етакчи “марказга” айланаётганлиги; 3) дунёнинг етакчи давлатлари билан муносабатда самарадор ташқи сиёсатни олиб бораётганлиги; 4) сўз эркинлиги ва қонун устуворлигида намоён бўлаётган тамоман янги сиёсий муҳит шаклланганлиги.

Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши етакчи илмий ходими А.Зафарнинг таъкидлашича, бугун Ўзбекистон сиёсий тизимини демократлаштириш жараёнларидаги салмоқли ўзгаришлар ва амалий натижалар яққол кўзга ташланмоқда. Қисқа фурсатда мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатор йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Бу айниқса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётган ва сиёсий жараёнларнинг кун тартибини белгилашда фаол иштирок этаётган сайловчиларнинг кайфиятида ўзгача сезилмоқда.

МДҲ Ижро қўмитаси ахборот-таҳлил департаменти директори А.Заварзин фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалари Президент Ш.Мирзиёевнинг давлатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалалари бўйича чуқур билим ва юксак малакага эга эканлигидан далолат беради. Ўзбекистон халқи ва ҳукумати қисқа вақт мобайнида бугун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётган ҳақиқий демократик йўлни босиб ўтишди.

 Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда тайёрланган 2017-2019 йилларда инсон фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари шарҳи тақдимоти ўтказилди.

Мавзуга оид