Ўзбекистон | 16:10 / 23.12.2019
76697
2 дақиқада ўқилади

Халқаро кузатувчи овозларни ҳисоблаш бўйича салбий хулосалар мавжудлигини маълум қилди

Фото: KUN.UZ

Халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда 22 декабрь куни вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов якунлари бўйича якуний хулосаларини баён қилишди.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус координатори Георгий Церетели сайловдан сўнг овозларни ҳисоблаш жараёнида қоидаларга риоя қилинмагани ҳақида гапирди.

Георгий Церетели

«Овозларни ҳисоб-китоб қилиш жараёни учун белгиланган аниқ қоидалар мавжуд. Лекин бу қоидаларга ҳурмат билан муносабатда бўлинмади. Овозларни ҳисоблаш жараёнида бу ҳақида кузатувчилар томонидан кўрсатмалар берилган. Лекин шунга қарамай, хулоса салбий бўлиб қолмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуетанинг таъкидлашича, овозларни ҳисоблаш жараёни бўйича хулосанинг 42 фоизи салбий характерга эга.

Тана де Зулуета

«Овозларни ҳисоблаш жараёнларида иштирок этдик. 133та участкада овоз ҳисоблаш жараёни бизнинг миссиямиз аъзолари томонидан кузатилди. Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди.

Бирламчи ҳисоб-китоблар амалга оширилиши керак эди. Лекин бу иш қилингани йўқ. Масалан, ишлатилмай қолган бюллетенларни ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳисоблар охиригача олиб борилмаган ҳолларни ҳам кўрдик. Кўрсаткичларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор киши, холис одам қайта санаб чиқмади», дейди Зулуета хоним. 

Шунингдек, вакилнинг таъкидлашича, хавфсизлик таъминламаган каналлар орқали маълумотлар алмашинуви амалга оширилган ҳоллар ҳам кузатилган.

Мавзуга оид