Жамият | 11:02 / 25.12.2019
12244
2 дақиқада ўқилади

Иркутскдаги ётоқхонада содир бўлган ёнғин оқибатида икки ўзбекистонлик ҳалок бўлгани айтилмоқда

Фото: Россия ФВВ

Россиянинг Иркутск областидаги ўрмон саноати ходимларига мўлжалланган ётоқхонада юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони икки кишига етди. Бу ҳақда муниципалитет раҳбари Валерий Орноев хабар берди, деб ёзмоқда ТАСС. 

Хабарда қайд этилишича, бундан олдин бир киши ҳалок бўлгани ва олти нафар шахс жароҳат олгани ҳақида маълумот берилган эди.

Икки нафар қурбон ҳам Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда. Орноевнинг сўзларига кўра, ёнғин рўйхатдан ўтмаган бинода содир бўлган.

25 декабрга ўтар кечаси Залари қишлоғида ётоқхонанинг ёғочдан қурилган иккита иншоотида ёнғин содир бўлди. У ерда 15 киши истиқомат қилган. Қутқарувчилар очиқ ёнғинни бартараф этишди, ёнғин майдони 350 квадрат метрни ташкил этди.

Ҳодиса натижасида олти киши жабрланди. Улардан беш нафари касалхонада, бир киши оғир аҳволда, дея хабар берди область соғлиқни сақлаш бошқармаси. Яна бир жабрланувчига амбулатор даволанишга рухсат берилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид