Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар кўрсатилиши тартибга солинади.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасида белгиланишича:

пуллик хизматлар ўтказиш пунктини нормал фаолиятига таъсир этмаган ҳолатдагина амалга оширилишига йўл қўйилади;

пуллик хизматларнинг кўрсатилиши учун ўтказиш пунктлари Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича бошқармалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг жойлардаги ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда, ўтказиш пунктини индивидуал кўрсаткичларини инобатга олиб белгиланади. Бунда, ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатилиши мумкин бўлган пуллик хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган ҳудуд майдони, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган пуллик хизматлар давлат объектларини ижарага бериш орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилади;

ўтказиш пунктида пуллик хизматларнинг кўрсатилишини вақтинча тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши ва тугатилиши шунингдек, уларни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ижарага олувчи томонидан қопланиши белгиланган тартибда тузилган давлат мулкини ижарага бериш шартномасида кўрсатилади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган ҳар бир пуллик хизмат амалдаги қонунчилик билан белгилаб берилган тартибда амалга оширилади;

Давлат божхона қўмитасига, истисно тариқасида, ўтказиш пунктларида пуллик хизмат кўрсатилиши учун юридик шахслар ўртасида ўтказиладиган танловга, ўтказиш пунктларида янги бино ва (ёки) иншоот қурилиши бўйича, қўшимча танлов талабини киритишга ҳамда танлов ўтказилгандан сўнг ғолиб томонидан ушбу қурилган янги бино ва (ёки) иншоотни божхона органлари балансига оператив бошқарув ҳуқуқи билан беғараз ўтказилишига рухсат берилади.

Божхона органлари балансига беғараз ўтказиб берилган бино ва (ёки) иншоот уни қуриб берган юридик шахсга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида ижарага берилади.