Жаҳон | 10:30 / 05.01.2020
6913
2 дақиқада ўқилади

Япония Гоннинг қочишидан кейин чегарада назоратни кучайтиришга қарор қилди

Фото: Eugene Hoshiko / AP

Япония адлия вазирлиги Токиода уй қамоғида бўлган Renault-Nissan-Mitsubishi алянси собиқ раҳбари Карлос Гон Япониядан қочиб кетгандан кейин чегарада назоратни қаттиққўллаштиришга кўрсатма берди. Бу ҳақда адлия вазири Масако Мори маълум қилди, деб хабар берди Reuters ахборот агентлиги.  

Морининг айтишича, Гон чегарани кесиб ўтгани ҳақида расмий ёзувлар бўлмагани сабабли у мамлакатни ноқонуний тарк этган. Вазир ушбу воқеа юзасидан батафсил тергов ўтказишга ваъда берган.

Морининг таъкидлашича, суд Гоннинг гаров пули эвазига озод қилиниши қарорини бекор қилди.

Японияда судланиши кутилаётган Гон 30 декабрда Ливанга қочиб кетди. 

2 январда Ливан мухсус хизматлари Интерполдан Гон ҳибсга олиниши ҳақида сўров олди. Бироқ Байрутда Гон Токиога берилмаслиги, чунки икки давлат ўртасида экстрадиция ҳақида келишув йўқлиги айтилган.

Карлос Гон Японияда 2018 йил ноябрда 80 млн долларлик даромадни яшириш айблови билан ҳибсга олинганди. У ўтган вақт ичида бир неча марта гаров пули эвазига озодликка чиқарилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид