18 январь кунги ҳолатга кўра, Хитой расмийлари ушбу вирусни юқтирган 60дан ортиқ ҳолатни тасдиқлашди. Аммо британиялик мутахассислар аслида бу рақам 1700га яқинлашмоқда деган фикрда. 

Тадқиқот Буюк Британия ҳукумати ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ҳисобот берадиган Лондон Империал коллежи қошидаги MRC юқумли касалликларни глобал таҳлил қилиш марказида ўтказилди. 

«Бу ҳолат мени бир ҳафта аввалгига қараганда кўпроқ ташвишга солмоқда», дейди эпидемиолог профессор Нил Фергюсон.

Декабрь ойида ўткир респиратор касалликларни келтириб чиқарувчи ушбу вирусдан икки киши вафот этгани маълум. Унинг биринчи тарқалиши Хитойнинг Уҳан шаҳрида қайд этилган. 

Сингапур ва Ҳонгконг аллақачон Уҳандан келувчи барча йўловчиларни текширишни бошлаб юборишган, шу каби чоралар жума куни АҚШнинг учта йирик аэропортида ҳам жорий этилди: Сан-Франциско, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк.

Янги маълумот қандай олинди?

Муаммо кўламини баҳолашнинг асосий мезони бошқа мамлакатларда аниқланган ҳолатлар сони эди. 

Касаллик Хитой марказидаги Ухань шаҳрида ёйилган бўлса-да, Таиландда иккита, Японияда битта касалланиш ҳолати қайд этилди. 

«Бу мени хавотирга солди. Уҳан ушбу уч ҳолатни бошқа мамлакатларга «экспорт» қилгани шуни англатадики, вирус кўлами эълон қилинганидан кўра кенгроқдир», дейди Фергюсон. 

Аниқ рақамларни билишнинг иложи йўқ, аммо олимлар вируснинг ўзи, маҳаллий аҳоли сони ва йўловчилар томонидан ҳаво қатнови тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олиниб, тарқалиш даражаси тўғрисида тасаввурга эга бўлишлари мумкин. 

Уҳан шаҳрида 18 миллионга яқин одам истиқомат қилади, аммо унинг халқаро аэропорти орқали атиги 3,4 минг йўловчи чет мамлакатларга учади.

Натижалари Империал коллежининг веб-сайтида эълон қилинган тўлиқ ҳисоб-китобларга кўра, гап 1700та касалланиш ҳолати ҳақида кетмоқда.

Вирус ҳақида нималар маълум?

Вирусни лабораторияда текшириш учун беморлардан таҳлил олинган.

Хитой расмийлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекция коронавирусни келтириб чиқаради деган хулосага келишди. 

Коронавируслар оиласи таркибига етарлича кўп вирус киритилади, аммо улардан фақат олтитаси (ва янги вирус билан етти) одамга юқиши мумкин.