Ўзбекистон | 08:18 / 22.01.2020
2828
1 дақиқада ўқилади

Deutsche Bahn Ўзбекистон транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашади

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Транспорт вазирлигида Deutsche Bahn компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Компаниянинг МДҲ бўйича директори Винсент ван Хаутен бошчилигидаги делегация вакиллари билан транспорт вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов музокаралар олиб борди. 

Учрашувда жамоат транспорти соҳасида оператив бошқарув тизимини жорий этиш, хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фаолиятини такомиллаштириш, юк ва йўловчи ташувларини ҳамда мамлакатимиз транзит ва логистика потенциалини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Deutsche Bahn компанияси экспертларини жалб этган ҳолда ҳамкорликнинг бошланғич фазасида ишларни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа офиси ишини ташкил этишга келишиб олинди. 

Учрашув якунида Транспорт вазирлиги ва Deutsche Bahn компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид