Ўзбекистонда бугун тадбиркорларга катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўплаб фармон ва қарорлар эълон қилинди. Аммо бугун жойларда баъзи мутасаддилар президент ва ҳукумат томонидан тадбиркорларга тақдим этилаётган шарт-шароит ва эътиборга қарамасдан уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташда ҳамда мулкларига зарар етказишда давом этишмоқда.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида фаолият юритаётган «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖ раҳбари Бибихалима Назарова ноҳақликка дуч келмоқда.

У томонидан Kun.uz сайтига қилинган мурожаатда «Қамашитумангаз» идораси ва бошқа бир гуруҳ тадбиркорлар туманнинг «Қизилтепа» МФЙ ҳудудида жойлашган «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖга қарашли 3 гектар ер майдонининг ўртасидан тадбиркорнинг рухсатисиз, ноқонуний тарзда ўнга яқин газ қувурларини ўтказишгани ҳақида ёзилган.

Сайт мухбирлари ушбу муаммони ўрганиш учун Қамаши туманида бўлди.

Тадбиркор Б.Назаровага тегишли 3 гектар майдон 100х300 метр ўлчамда бўлиб, унинг бир қисмида молхона ва товуқхона сифатида фойдаланиш учун бино қурилган ва у ерда тадбиркор паррандачилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келмоқда.

2019 йил баҳор ойларида тадбиркор эгалик қилаётган жамиятга тегишли ер билан туташ бўлган ҳудудда «Қамашитумангаз» филиали томонидан газ тақсимлаш станцияси қурилади.

Шундан сўнг, «Қамашитумангаз» филиали газ тақсимлаш станциясидан аҳолига газ бериш учун тадбиркорнинг еридан ноқонуний тарзда газ қувури ўтказади.

Қурилиш ишлари олиб борилаётган вақтда, бироз ўтиб ундан қувур тортилаётганда ишчилар тадбиркорнинг ерига экилган буғдой ва арпани ҳам пайҳон қилиб ташлашади.

Тадбиркор мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман халқ қабулхонасига оғзаки мурожаат қилади. Мурожаатга жавобан Халқ қабулхонасига «Қамашитумангаз» филиали раҳбари Э.Ҳайитов чақирилади.