Си Цзиньпин давлат телеканаллари орқали мамлакат оғир аҳволда эканлигини айтган.
«Биз хавфли вазиятга дуч келдик, янги коронавируснинг тарқалиши тезлашмоқда. Биз касалликка қарши курашни ва уларнинг олдини олишни доимий равишда кучайтирмоқдамиз. Бироқ ҳозир биз жамоат соғлиқни сақлаш тизимида жиддий фавқулодда инқирозга дуч келдик», деган Си Цзиньпин.
Пекин ва Шанхайда маҳаллий ҳокимият вирусни юқтирган ҳудудлардан келган фуқароларга мурожаат қилиб, 14 кунлик муддат давомида жамоат жойларига ташриф буюришдан ихтиёрий равишда чекланишни илтимос қилган.
Шанба куни кечаси Хитой Янги йилни кутиб олди, аммо 2019-nCoV коронавируси сабабли кўплаб байрамлар бекор қилинди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Уханда коронавирус пайдо бўлганидан буён камида 56 киши вафот этди. Сўнгги бир кун ичида қурбонлар сони 15 кишига ошди.
Коронавируснинг янги туридан келиб чиққан пневмония билан касалланган беморларнинг сони 1975 нафарга етди (бир кунда 688 кишига ортган). Дунё бўйича 2000дан ортиқ одам янги коронавирусни юқтирган.
Касалланиш ва ўлим ҳолатларининг аксарияти Хитойда кузатилган, аммо вирус Таиланд, Вьетнам, Сингапур, Япония, Жанубий Корея, Тайван, Непал, Франция ва АҚШда ҳам аниқланган. Зарарланишнинг энг кўп ҳолати Хубэй провинцияси ва унинг маъмурий маркази Ухань шаҳрида.
Якшанба куни Канада 22 январь куни Ухандан қайтган эркакда 2019-nCoV коронавирус юқтиришнинг биринчи шубҳали ҳолати ҳақида хабар берди. Бемор барқарор ҳолатда касалхонага ётқизилган, унинг оила аъзолари изоляция қилинган.
Шанба куни Австралия ҳукумати коронавирус билан касалланишнинг мамлакатдаги биринчи ҳолатини тасдиқлади. Мельбурн шаҳридаги касалхонада аҳволи барқарор ҳолатдаги хитойлик сақланмоқда, у вирус авж олган Ухань шаҳрида бўлиб, 19 январь куни Австралияга учиб келган.

Малайзияда шанба куни коронавирус инфекциясининг учта ҳолати тасдиқланди. Уларнинг барчаси Сингапурда вирус ташхиси қўйилган эркакнинг қариндошлари бўлган Хитой фуқароларидир: унинг 65 ёшли рафиқаси ва икки набираси.
Давлат телевиденияси туризм соҳаси уюшмасидан иқтибос келтирган ҳолда, душанба кунидан бошлаб мамлакатда туристик гуруҳлар томонидан ташкиллаштирилган барча парвозлар тўхтатилиши ҳақида хабар берди.



















