Хитой Халқ Республикаси соғлиқни сақлаш миллий комиссияси раҳбари Ма Цзяовей Пекинда ўтказилган матбуот анжуманида коронавируснинг табиати ҳақида жуда кам нарса маълумлиги ва унинг мутацияси қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан тахмин қилиш қийинлигини айтиб ўтди.
У вируснинг инкубация даври бир кундан 14 кунгача бўлган даврни ташкил этиши, аммо вирусни юқтирган одам бошқасига қисқа муддатда осонлик билан юқтириши, бундай ҳолат 2002-2003 йилларда тарқалган Sars эпидемияси вақтида (атипик зотилжам) кузатилмаганини қўшимча қилган.
Бу шуни англатадики, вируснинг ҳеч қандай белгилари бўлмаган шахс ҳам вирус ташувчи бўлиши мумкин, бундай ҳолатда эса вирус тарқалишига қарши курашиш янада қийинлашади.

Шанба куни Хитойда ой тақвими бўйича янги йил кириб келди ва олдиндаги ҳафта давомида миллионлаб кишилар байрамни оила аъзолари билан ўтказиш учун мамлакат бўйлаб кезиб юришади.

Америкаликлар Ухандан олиб чиқилади
Айни вақтда Хитойнинг бир қанча ҳудудларида одамлар ҳаракатига чеклов ўрнатилган.

Вирус ўчоғи сифатида 11 миллион киши яшайдиган Ухань шаҳридаги ёввойи ҳайвонлар бозори белгилаб олинган; бу Хитой марказида жойлашган Хубэй провинциясининг маъмурий марказидир. Бир неча кун муқаддам шаҳар карантин ҳолатига ўтказилган, жамоат транспорти қатнови бекор қилинганди. Якшанба кунидан Ухань марказида оддий транспорт воситалари ҳаракати ҳам тўхтатилди.









