Kun.uz сайти ходимлари Росияга сафар чоғида турли соҳа вакиллари билан суҳбатда бўлиб, уларнинг иш фаолияти ва муаммоларини ўрганишга ҳаракат қилди. Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланиб келаётган асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Валентина Чупик билан суҳбатда мигрантлар ҳаётига оид муҳим жиҳатлар ҳақида сўрадик. Суҳбат ўз-ўзидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласи билан боғлиқ тарзда кечди.

— Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши борасида кўплаб муҳокамалар бўлмоқда. Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг иттифоққа қўшилиши ўзбекистонлик мигрантларга қанчалик даражада таъсир қилади?

— Бу жуда ҳам кучли таъсир қилади. Кўпроқ салбий тарафдан. Бунга мисол қилиб қирғиз мигрантларини айтишим мумкин. Қирғиз мигрантларини ҳибсга олиш бўйича мурожаатлар ўзбек мигрантлариникига қараганда икки баравар кўп. Аслида Россияда ўзбекистонлик мигрантлар сони қирғиз мигрантларига қараганда 6 баравар кўп.

Қирғиз мигрантларини ҳибсга олиш қай даражада тўғри? Бу борада Сергиенконинг (Москва миграция масалалари бўйича бошқарма раҳбари, полиция полковниги Дмитрий Владимирович Сергиенко - таҳр.) патент тўловчи фуқароларни давлатдан чиқариб юбормаслик ҳақида махсус буйруғи мавжуд. Қирғизистон фуқаролари патент тўлашмайди, чунки улар Евросиё иқтисодий иттифоқи фуқаролари ҳисобланади.

Демак, шу билан бирга улар бошқалардан кўра ҳимоясиз ва уларнинг ҳар қандай ҳуқуқбузарликлари давлатдан четлаштирилиш билан тугаши мумкин. Бу ҳақида полициядагилар ҳам яхши билади. Шунинг учун, айнан қирғиз мигрантларини кўпроқ ушлашади. Чунки улардан пул ундириш осонроқ.

Ҳа, улар ҳар ой 5 минг рубль патент тўлашмайди. Лекин полиция ходимлари улардан ойига 1,5-2 баравар кўпроқ пул ундиришади. Чунки уларни ҳафтада ўртача икки марта ушлашади. Бизнинг мигрантларни эса икки ҳафтада ўртача бир марта ушлашлари мумкин.

Бундан ташқари, бизнинг мигрантлар билан солиштирганда қирғиз мигрантларининг расмий ишга жойлашиш имкониятлари пастроқ ҳисобланади. Иш берувчи ҳам аҳмоқ эмас, кўп солиқ тўлагандан кўра камроқ солиқ тўлаш фойдалилигини тушунишади.

Қирғизистонлик мигрантларни ишга олгандан кейин жисмоний шахслар учун даромад солиғини тўлиқ тўлаш керак бўлади. Патент билан ишловчи муҳожирларга эса бундай солиқ тўлаш шарт бўлмайди. Қолаверса, уларга ижтимоий тўловлар ва мажбурий тиббий суғурта тўловлари ҳам шарт эмас.