Авваллари қандай бўлган?
Қайд этиш керакки, Европада январь ойидаги трансферлар — ҳамиша ҳам ёдда қоларли трансферлар бўла олмайди. Қишда катта трансферлар амалга оширилиши — кам учрайдиган ҳолат. Албатта, истиснолар ҳам бўлади. Масалан, 2011 йил январида «Челси» «Ливерпуль»дан Фернандо Торресни 50 миллион фунтга (58,5 миллион евро) сотиб олганди — ўшанда бу инглиз клублари учун рекорд бўлган, футбол тарихида эса 6-ўринда қайд этилганди.
Аммо, масалан, ўтган йилда АПЛда қишдаги энг йирик трансфер Мигель Альмироннинг «Атланта»дан (Италиянинг «Аталанта»си эмас) «Ньюкасл»га 20 миллион фунтга ўтгани бўлганди. Бу 8 йилдаги инфляция даражаси ва иккита кўпмиллиардли телешартномалар туфайли Англия клубларининг даромадлари ўсиши эвазига бўлганди. Шунингдек, «Лестер» «Монако»дан Юри Тилемансни сафига қўшиб олган, «МЮ» Марвон Феллайнини Хитойга жўнатган эди.
2019 йил январида АПЛ клублари янги харидлар учун жами 191 миллион евро сарфлашган, бу пуллар атиги 29 футболчи учун сарфланганди. Таққослаш учун, 2018 йил ёзида инглиз клубларининг трансферлар учун умумий харажати қарийб бир ярим миллиард еврога етганди — 1,421.
Шунга ўхшаш ҳолат бошқа топ-чемпионатларда ҳам кузатилади. Испаниядаги клублар 2019 йил январида янги футболчилар учун жами 72,8 миллион евро (35 трансфер сарфлаган). Италияда — 146 миллион евро (29та трансфер), бу маблағларнинг ярми «Милан» томонидан сарфланган, клуб Лукас Пакета ва Кшиштоф Пёнтек учун 38 миллион евродан тўлаганди. Германияда — 73,6 миллион евро (21та трансфер). Францияда — 86,7 миллион евро (33та трансфер), аммо бу маблағнинг қарийб ярми — Леандро Паредеснинг «Зенит»дан «ПСЖ»га трансфер бўлиши учун сарфланган, тўртдан бир қисми эса — лигани тарк этишдан қутулиб қолиш учун янги таркиб йиғишга киришган «Монако» ҳиссасига тўғри келган.
2020 йилги қишки трансферлар ойнасида ҳозирча жуда катта трансферлар бўлмади, аммо трансферларнинг сўнгги кунига қадар бунга умид сақланиб қолади.
«Барселона» Эриксенни ўзига оғдира оладими?

Кристиан Эриксен қишда «Тоттенҳэм»ни тарк этишига шубҳа йўқ. Даниялик футболчи ўтган йил ёзидаёқ клубдан кетишга ҳаракат қилган, аммо негадир клубдагилар уни олиб қолишганди. Аммо бундан ҳеч бир наф бўлмади – мавсумнинг биринчи қисмида ушбу яримҳимоячи клуб учун ўйнашни истамаётганини билдириб қўйди.
Айни вақтда Эриксенга асосий даъвогар – Миланнинг «Интер» клубидир. Италиядаги нуфузли La Gazzetta dello Sport нашри қора-кўклар даниялик футболчи трансферини 27 январь куни эълон қилиши, унинг трансфери итальянлар клубига 20 млн еврога тушиши ҳақида хабар тарқатди. Аммо Британиядаги яна бир ишончли нашр бўлмиш Sky Sports нашрининг тасдиқлашича, Эриксенни «Барселона» ўз сафига қўшиб олади.


















