«Чироқчи воқеаси» бўйича туман ички ишлар бўлимининг икки ходими қамоққа олинган. Қашқадарё ИИБда ўтказилган брифингда уларга қандай айблов эълон қилингани маълум қилинди.
30 январь куни Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасида Чироқчи туман ички ишлар бўлимида ўғирликда гумонланган 32 ёшли фуқаро Ю.А. калтаклаб ўлдирилиши воқеасига бағишланган матбуот анжумани ва брифинг ўтказилди.
Унда журналистлар ва блогерлар, шунингдек марҳумнинг қариндошлари ҳам иштирок этишди.
Брифингда сўзга чиққан ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов йиғилганларга ахборот берди.

Ғиёсовнинг сўзларига кўра, ички ишлар идораларида инсон ўлими биринчи марта рўй бераётган янгилик эмас. У бундай воқеалар аввал ҳам кузатиб келингани, гумондорлар ўз жонига қасд қилган ҳолатлар ҳам бўлганини таъкидлаб ўтди.
Гарчи, мазкур воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари кетаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқ ва электрон нашрларда катта шов-шув келиб чиққани учун ИИВ томонидан брифинг ўтказишга қарор қилинган.
Қашқадарё вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Илҳомжон Эшов ҳам сўзга чиқиб, тергов жараёни ҳақида гапириб берди.

Айни пайтда Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, гумондорлардан икки нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўллангани, ишга алоқадор бошқа ходимларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Тергов ҳаракатлари давомида уларнинг фуқаро ўлимига алоқадорлик даражасига ойдинлик киритилиши таъкидланди.
Масъуллар тергов сири боис, терговнинг барча тафсилотларини ошкор этиш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беришди.
Журналист ва блогерлар масъулларга ўз саволлари билан мурожаат этишди. Масъуллар мазкур воқеага ва Қашқадарё ИИБ тизимида рўй бераётган бошқа воқеаларга нисбатан ҳам ўз жавобларини беришди.



















