Коронавирус Буюк Британияга етиб борди
Буюк Британияда коронавирус билан зарарланиш бўйича илк ҳолатлар қайд этилди. Миллий соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра вирусдан зарарланганлар - бир оиланинг икки аъзосидир.
Британия ҳукумати ҳозирча касалланганлар ҳақида батафсил маълумот бермади, уларга қаерда тиббий ёрдам кўрсатилаётгани ҳам маълум эмас.
«Миллий соғлиқни сақлаш тизими бунга жуда яхши тайёрланган ва инфекцион касалликка қарши кураша олади. Ҳозирда биз инфекция тарқалишининг олдини олиш учун беморларнинг кимлар билан алоқада бўлгани бўйича маълумотларни тўпламоқдамиз», - деган Англия тиббиёт хизмати раҳбари Крис Уитти.
«Биз Британияда янги коронавирусга чалиниш ҳолатларига яхши тайёргарлик кўрганмиз, бунга дарҳол жавоб қайтариш бўйича инфекцион назорат чоралари ўрнатилган», - дея қўшимча қилган у.
Уиттининг қайд этишича, Британия воқеалар ривожининг ҳар қандай кўринишига тайёр туриш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамда халқаро ҳамжамият билан яқин алоқа ўрнатган.
Ҳозирда Британияга янги коронавирус ўчоғи бўлмиш Хитойнинг Ухань шаҳридан британияликларни олиб қайтаётган самолёт йўл олган. Унинг бортида 83 нафар британиялик ва яна бошқа мамлакатлар фуқаролари 27 киши бор.
Самолёт маҳаллий вақт билан соат 13:30да Лондонда бўлиши керак. Хитойдан қайтганларнинг барчаси икки ҳафта давомида махсус шифохонада карантин шароитида сақланади.
Бугун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2019-nCoV коронавирусининг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус юқиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 213 нафарни ташкил этмоқда, уларнинг аксари маркази Ухань бўлган Хубэй провинциясига тўғри келади; Хитойнинг ўзида бу вирусни юқтирганлар сони 10 минг нафарга яқинлашган. Яна 18 мамлакатда вирусга чалиниш билан боғлиқ 98та ҳолат қайд этилган.
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
18:15 / 12.11.2024
Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46 / 10.11.2024