Дунёдаги ҳар бир урушнинг охирида ғолиблар мағлубларни талаган, товон ундирган. Бу урушнинг ёзилмаган қонуни. ХХ асрга келиб ғолиблар мағлублардан товон ундириш ҳақида халқаро нормалар қабул қилинди ва бу қоида илк бор биринчи жаҳон урушидан кейин қўлланди. Ўшандан бери мағлублардан қонуний асосда товон ундириш бугунгача давом этиб келяпти.

ХХ асрда иккита жаҳон уруши бўлиб ўтди. Бу урушларнинг ҳар иккисида ҳам Германия енгилган ва ғолибларга катта миқдорда товон тўлаган. Россия империяси, кейинчалик унинг ўрнига тузилган СССР бу урушларнинг ҳар иккисида ҳам қатнашган, аммо фақат иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба учун товон олган.

Биринчи жаҳон уруши тугаши арафасида, 1917 йилда Россияда Октябрь тўнтариши амалга оширилади. Ҳокимиятни эгаллаган большевиклар Германия билан сулҳ тузиб, урушдан чиқади. Урушни охиригача олиб борган Буюк Британия, Франция ва АҚШ 1919 йилда имзоланган Версаль тинчлик битимига кўра, Германиядан товонни ўзлари олишга келишади ва Россия бу урушни охиригача олиб бормагани учун товондан қуруқ қолади. Иккинчи жаҳон урушида эса уруш тугаганидан сўнг унинг асосий «жабрдийда»си ва ғолиби сифатида энг катта товонни СССР олади.

Урушда енгилган Германия ўз зиммасига юклатилган товонни пул ёки олтин кўринишида тўлай олмаслиги аниқ эди. Шу боис СССР товоннинг асосий қисми сифатида Германиядан кўплаб корхоналарни кўчириб кетади.

Немислар урушда енгилар экан СССР ва иттифоқчилари Германиядан товон ундириш масаласини илк бор ҳали уруш тугамасидан, 1945 йил февралида ўтказилган Ялта конференциясида муҳокама қилади.

Ялта конференцияси

Ялтадаги конференцияда Сталин Германияга умумий миқдорда 20 миллиард доллар товон тўлаш мажбуриятини қўйишни ва урушнинг асосий жабрланувчиси сифатида СССР жами товон миқдорининг ярмини олиши лозимлигини айтади. Ўшанда томонлар бу масалада бир фикрга кела олмай тарқалишади.

Урушдан кейин ўтказилган Потсдам конференциясида иттифоқчилар Сталиннинг талабларига кўнишади. СССРга Германия шарқидаги барча корхоналарни кўчириб кетиш, Германиянинг Шарқий Европа давлатларидаги активларини олиш ҳисобидан товонни ундириш имконияти тақдим этилади. Бунга қўшимча тарзда Германия ғарбидаги айрим корхоналар ҳам СССРга берилади. Аслида СССР қўлга киритилган ҳудудлардан турли корхоналарни кўчириб келишни 1945 йилнинг баҳоридаёқ бошлаган эди. Масалан, Бейтен карбид заводи ва Аммендорф кимё корхонаси ўша пайтда Сталинграддаги кимёвий корхонага кўчириб келтирилади