2018-2019 йилларда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизини ер кадастри ходимлари ташкил этади.

Бу ҳақда 1 январь куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.

Мисол учун, Булоқбоши туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи фуқаро У.га 4 сотих ерни уй-жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олганда жиноят устида ушланган.

Муборак туман бўлими мутахассиси фуқаро Э.га иссиқхона қуриш учун ер ажратишни ваъда қилиб, 14 минг АҚШ доллари олгани учун суд ҳукми билан етти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, аниқланишича, фақат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланувчи «Ермулккадастр» корхонаси ходимлари ҳам бундай суистеъмолчиликларга берилган.

Масалан, Андижон шаҳар «Ермулккадастр» раҳбари фуқаро Қ.га 4 сотих ер ажратишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари олгани учун суд ҳукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Олтиариқ туман «Ермулккадастр» мутахассиси фуқаро Н.га 5 гектар ерни боғ ташкил этиш учун ажратиб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари ва 28 млн. сўм олган вақтида жиноят устида ушланган.

Йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди. Маърузада экин ерларини асраш, ҳолатини яхшилаб боришга ер назоратига масъул идоралар томонидан етарли эътибор берилмагани оқибатда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний бино ва иншоотлар қуриш, экин майдонларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилди.

Ўтказилаётган хатловларда, республика бўйича 3900 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 6 минг гектар майдонга ноқонуний қурилишлар қилингани, 11 минг гектар ердан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиб келингани аниқланди.