Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майкл Ричард Помпеони қабул қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

2018 йил май ойида АҚШга амалга оширилган, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган олий даражадаги тарихий ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро алмашинувлар фаоллашгани алоҳида таъкидланди.
Конструктив, шу жумладан минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий, аграр, энергетик, таълим, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Кейинги бир неча йил давомида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар кўпайди. АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Америка инвестицияларининг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Вебстер университетининг филиали ўз ишини бошлади.
АҚШ Давлат котиби, ўз навбатида, кўрсатилган самимий қабул учун Президентимизга дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Президент Дональд Трампнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
АҚШ томони Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.
Майкл Помпео Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатда олиб борилаётган демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини юксак баҳолади.

Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратаётганини таъкидлади.
Учрашувда минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби Тошкентда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани билан табриклади.
















