Билдирилишича, сўнгги 30 йил давомида мазкур соҳада деярли ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмади. 

“Бунинг оқибатида эса жиддий муаммолар тўпланиб қолди. Соҳа ривожига етарли даражада эътибор қаратилмагани ва мутлақо рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги ортидан у монополия тамойиллари асосида ривожланди. Тарифларнинг юқорилиги ва тақдим этилаётган хизматлар сифатининг пастлиги ҳам айнан шунинг натижасидир”, - дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакат фуқаро авиацияси соҳасида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган долзарб масалалар юзасидан турли-туман фикрлар ва муносабатлар билдирилмоқда. 

Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компаниялари раҳбарияти мазкур масала юзасидан хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан билдирилаётган фикрларни доимий равишда кузатиб бораётгани айтилади.

Таъкидланишича, сўнгги уч йилда авиация бозорини либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни замон талаблари даражасига кўтариш бўйича мамлакат фуқаро авиацияси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Авиация бозорини либераллаштириш ва рақобат муҳитини ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етди.

“Йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда миллий авиакомпания парки мунтазам равишда замонавий Airbus ва Boieng лайнерлари билан янгилаб борилмоқда.

Шунингдек, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш орқали ташувлар ва аэропортлар фаолияти бўйича вазифаларни мустақил корхоналарга тақсимлаш борасидаги ишлар ниҳоясига етказилди. 2019 йилнинг октябрь ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК қайта ташкил этилиб, бир-биридан мустақил бўлган иккита Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компанияларига ажратилди.

Авиация бозорини янада либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида 2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги” тартибини қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими жорий этилди. Бу жараёнларнинг бошланганига эса бор йўғи энди уч ой бўлди. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, “Очиқ осмон” режими жорий этилиши бирданига мамлакатимизга хорижий рейслар сонининг ортиши ва парвозлар оқимининг юқори суръатларда кўпайишида асосий омил бўлиб ҳисобланмайди.