«АҚШ ҳар қачонгидан кучли»: Трамп конгрессга ҳар йиллик мурожаатнома билан юзланди
АҚШ президенти Дональд Трамп конгрессга мамлакатнинг ҳолати бўйича ҳар йиллик мурожаатнома билан юзланди. У АҚШнинг ҳолатини “ҳар қачонгидан кучли” деб атаган.
Трампнинг чиқишини Fox News телеканали намойиш қилган.
“Американинг душманлари ҳар томон қочган, Американинг ҳолати аъло даражада ва келажаги ёрқин порламоқда. Биз яқиндагина тасаввур қилишимиз қийин бўлган суръатлар билан олға бормоқдамиз ва ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”, деб айтган Трамп ўз мурожаатномасида.
У мудофаага катта харажатлар қилинаётгани ва ноқонуний миграцияни тўхтатиш учун “мислсиз” чоралар кўрилаётганини қайд қилиб ўтган. АҚШ президенти Яқин Шарқдаги урушларда америкалик ҳарбийлар иштирокини тугатмоқчилигини айтган.
Трамп минбардан туриб террорчиларга мурожаат қилиб, улар АҚШ таъқибидан қоча олмаслигини айтган.
“Бизнинг террорчиларга сигналимиз аниқ-равшан: “Сиз АҚШ судловидан яширина олмайсиз. Агар фуқароларимизга ҳужум қилсангиз, ҳаётингиздан маҳрум бўласиз”, деб айтган Трамп ва шу билан боғлиқ ҳолда эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишини эслаб ўтган ҳамда уни “бош террорчи” деб атаган.
Трамп, шунингдек, Хитой ҳамда Мексика ва Канада билан янги савдо келишувлари тузганини таъкидлаб ўтган. У АҚШ ва Хитой ўртасидаги жорий муносабатларни “эҳтимол ҳар қачонгидан яхши” деб атаган.
АҚШ раҳбари Куба, Никарагуа ва Венесуэла аҳолисининг демократия тикланишига умидларини қўллаб-қувватлашини айтган. У Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуаидога юзланиб, президент Николас Мадуро “зулмини йўқ қилишга” ваъда берган. Трамп, шунингдек, Эрон раҳбариятини ядро қуролини олишга уринишларидан воз кечишга чақирган. У Теҳрон террор, ўлим ва вайронгарчиликни ёйишни тўхтатиши кераклигини, шунда АҚШ “қисқа вақт” ичида Эрон иқтисодиётини тиклашда ёрдам беришини айтган.
АҚШ президенти коронавирусга қарши кураш бўйича Хитой ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётгани ва зарур чоралар кўрилишини айтган.
Трамп Ойга биринчи аёлни қўндириш ва Марсда АҚШ байроғини ўрнатиш учун конгрессни АҚШнинг коинот дастурини молиялаштиришга чақирган.
“Мамлакатнинг ҳолати ҳақидаги” (State of the Union Address) мурожаатнома АҚШ президентининг конгрессга мурожаатномаси бўлиб, бундай илк мурожаат билан 1790 йил 8 январда АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон чиқиш қилган ва буни ҳар йил қилиш анъанасига асос солган.
АҚШ президентлари ҳар йиллик мурожаатномаларида мамлакатдаги ҳолат бўйича ўз қарашларини ифодалайдилар, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни белгилаб берадилар. Уларнинг нутқи конгресснинг қонунчилик фаолияти дастури сифатида қабул қилинади.
Президент ўз мурожаатномасини конгресснинг икки палатаси қўшма йиғилишида олий суд судьялари, штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси ва ҳукумат аъзолари олдида ўқиб эшиттиради. Бунда вазирлардан бири (навбатчи вазир) президент конгрессга мурожаат қилаётган вақтда мамлакатда фавқулодда вазият юз бергудек бўлса, уни бошқаришни ўз қўлига олиш учун йиғилишда иштирок этмайди. Президент нутқи вақти-вақти билан олқишланиб турилади, бу олқишларнинг давомийлиги ва кўплиги бўйича Оқ уй раҳбарининг қанчалик қўллаб-қувватланиши ҳақида хулоса чиқарса бўлади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024