Ўзбекистон | 12:12 / 05.02.2020
4760
3 дақиқада ўқилади

Қоракўлчилик субъектларига субсидия бериш тартиби аниқлаштирилди

Тегишли тартиб Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди

Ҳужжат Президентнинг 16.08.2019 йилдаги ПҚ-4420-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида тасдиқланган, деб ёзмоқда Norma. 

Унда 2019-2023 йилларда қоракўлчилик субъектларига етиштирилган ва экспортга сотилган ҳар бирлик маҳсулот учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилиши назарда тутилган:

қоракўл териси учун – 50 минг сўмдан;

қоракўлча (вақтидан олдин туғилган қоракўлчалар териси) териси учун 75 минг сўмдан.
 
Қоракўл терисини ўзида етиштирмасдан бошқа қоракўлчилик субъектларидан харид қилган ёки уларни экспортга йўналтирмаган қоракўлчилик субъектларига субсидия ажратилмайди.
 
Субсидия олиш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига белгиланган шаклда ариза топширилади ва унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

туман статистика бўлими томонидан берилган мавжуд қоракўл қўйлар бош сони ва етиштирилган қоракўл ва қоракўлча тери сони тўғрисида маълумотнома;

экспорт шартномаси ҳамда экспортга юборилган маҳсулотлар учун ҳисоб-фактура ҳужжатлари нусхалари;

товар экспорт қилганлиги тўғрисида божхона юк декларацияси нусхаси.
 
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси аризани келиб тушган санадан бошлаб 3 иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда натижа ижобий бўлса, ариза берувчига тегишли хабарномани юборади. Бир вақтнинг ўзида Молия вазирлигига субсидия бериш тўғрисида буюртманома тақдим этилади, Вазирлик 1 иш куни ичида буюртманомада кўрсатилган маблағларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг махсус шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб беради. Ушбу маблағлар яна 1 иш куни ичида қоракўлчилик субъектларининг тижорат банкларидаги ҳисобрақамига ўтказиб берилади.  
 
Молиявий йил якунларига кўра фойдаланилмаган, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳисобрақамида қолиб кетган маблағлар Давлат бюджетига қайтарилади.
 
Қоракўлчилик субъекти белгиланган шартларга мос келмаганда, шунингдек сохта ёки нотўғри маълумотлар мавжуд ҳужжатлар тақдим этилганда субсидия ажратилиши рад этилади. 
 
Субсидиялар ажратилиши жараёни Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан назорат қилинади.

Мавзуга оид