Ўзбекистон | 08:19 / 07.02.2020
145802
3 дақиқада ўқилади

Қўшни давлатлардаги талабаларнинг барчаси ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишини Ўзбекистонга кўчириши мумкин

Ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва синовларга йўл қўйилмайди

Фото: PhotoXpress

Қўшни давлатларда ўқиётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини юртимизга кўчириш бўйича аризалар қабул қилиш бошланди. Аризалар 15 февралгача қабул қилинади. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ва ота-оналарга махсус огоҳлантириш билан чиқди. Унда айтилишича, ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва синовларга йўл қўйилмайди.

Бу талаба сўралган ҳужжатларни топширса бўлди, унинг ўқиши сўзсиз Ўзбекистонга кўчирилади дегани. Қандайдир имтиҳон ёки тест ўтказилмайди. Фақат асосий шарти - ҳужжатлари тўлиқ ва тўғри бўлиши (қалбаки бўлмаслиги) керак.

Ўқишни кўчириш бўйича аризалар қуйидаги мезонларга асосан қабул қилинади:

фуқаронинг доимий яшаш манзили (олий таълим муассасасининг сиғими ёки ҳудуддаги олий таълим муассасаларида тегишли соҳа бўйича бакалавриат таълим йўналишлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда, истисно тариқасида бошқа вилоятдаги олий таълим муассасасига тавсия этилиши мумкин);

талаба ўқиётган бакалавриат таълим йўналишининг ўқиши кўчирилаётган бакалавриат таълим йўналишига мослиги (бундай йўналиш мавжуд бўлмаган тақдирда, турдош эканлиги);

хорижда талаба ўқиётган бакалавриат таълим йўналишларининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, уларни асосан сиртқи ва кечки таълим шаклларига тавсия этиш;

талабалар ўқишини кўчиришда Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг мавжуд имкониятлари (моддий-техник база, жумладан сменалик коэффициенти, профессор-ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси ва бошқалар) инобатга олинади.

Фуқаролардан Ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари сўралган:

ариза (жойида тўлдирилади);

рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (транскрипт) нусхаси;

паспорт нусхаси.

Хорижий олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини республика олий таълим муассасаларига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Вазирлик турли «ёрдам берадиган» тамагир ва фирибгарларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. 

Турли савол ва тушунмовчиликлар юзага келса, бевосита Ҳудудий ишчи гуруҳларига ёки қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги – (71) 246-38-57;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги – (71) 241-16-91.

Мавзуга оид