Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари коронавирус сабаб Хитойдан эвакуация қилинган фуқаролар карантин ҳолатида сақланаётган ҳудудда бўлиб, бу ердаги шароитлар билан танишди. Вазирлик матбуот хизмати Тошкент вилояти ҳудудидаги «Бўстон» санаторийсида тайёрланган фоторепортажни тақдим қилди. 

«Хитойдан учта чартер рейс орқали юртимизга олиб келинган фуқаролар ЖССТ тавсиясига кўра, 14 кун (касалликнинг яширин даври) давомида тиббий кузатувга олиш мақсадида махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Жумладан, «Бўстон» санаторийсига 4 февраль куни Хитойнинг Пекин шаҳридан олиб келинган 250 нафар фуқаро жойлашган. Мазкур тадбирларга тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган соҳанинг етакчи ва тажрибали мутахассислари жалб этилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

«Хитойдаги нуфузли университетда ўқийман. Коронавирус эпидемияси туфайли, очиғи, бошида жудаям хавотирландим. Шундай қийин пайтда Президентимиз ташаббуси билан чартер рейси ташкил этилганини эшитиб, рости, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Биз жойлашган муассасада барча зарур шароитлар яратилган, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминланган. Келган фуқароларнинг кийимларини сифатли ювиш учун кирхона, тиббий анжомларни стерилизациядан ўтказиш учун алоҳида пункт ва автотранспортлар учун дезинфекция майдони ва дезинфекцион воситалар захираси яратилган», – дейди навоийлик Меҳриддин Зоиров.

«Дарҳақиқат, тиббий кузатувдаги фуқароларимизнинг термометриядан ўтказилиши, ниқобларни ўз вақтида алмаштириш ва хоналарни шамоллатиш ҳамда намли тозалаш ишлари ўтказилиши малакали эпидемиологлар томонидан назоратга олинган. Юқумли касалликлар шифокорлари томонидан икки маҳал тиббий кўрик ўтказилмоқда.