Kun.uz сайти орқали жорий йил 29 январида «Фуқаро ва тадбиркор «емаган сомсасига пул тўламоқда». Қорақалпоғистон жиноят судининг ажрими адолатлими?» номли материал эълон қилиниб, унда фуқаро ва тадбиркорнинг «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси асоссиз равишда қайтарилмасдан, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ихтиёрида қолаётгани баён этилган эди.
Мазкур мақола бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдирди.
«2020 йил 31 январда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида А. Амановга оид жиноят иши унинг назорат тартибидаги шикоятига асосан кўриб чиқилди.
Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг 2017 йил 17 февралдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг «а», «в», «г» бандлари билан Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил-у 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ўтказиш шарти билан 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 209-моддасининг 1-қисми билан иш ҳақидан 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билани 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, Жиноят кодексининг 243-моддаси билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, иш ҳақидан 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 2 йил-у 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида 2 йил-у 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган 35 100 000 сўмга баҳоланган «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашинани давлат фойдасига мусодара қилиш белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди кассация инстанциясининг 2019 йил 6 мартдаги ажрими билан суднинг ҳукми ўзгартирилиб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг «а», «в», «г» бандлари билан қўйилган айблов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинган. Жиноят кодексининг 243-моддаси билан қўйилган айблов чиқарилиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан энг ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, 209-моддасининг 1-қисми билан 1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида 1 йил 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима жазолари тайинланган.
















