
Бунгача ЖССТ пресс-релизларида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқала бошлаган эпидемия 2019-nCoV ёки «янги коронавирус» деб аталаётганди.
«Расмий ном ноаниқ ёки таҳқирловчи бошқа номлар қўлланиши олдини олиш учун талаб этилади. ЖССТ, ФАО ва Жаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти ўртасида мавжуд қоидаларга кўра, биз географик ном, ҳайвон, одам ёки одамлар гуруҳи билан боғлиқ бўлмаган, шу билан бирга касаллик билан боғланган ва талаффуз этилиши осон бўлган ном топишимиз керак эди», деди Гебрейесус Женевадаги матбуот анжуманида.
ЖССТ раҳбарининг тушунтиришича, номдаги CO бирикмаси коронавирусни, VI - вирусни ва D касалликни англатади, яъни COVID «Corona Virus Disease» (коронавирус билан чақирилувчи касаллик) иборасининг қисқартмаси ҳисобланади. «19» сони эса у аниқланган йил – 2019 йилни англатади.
Мингдан ортиқ қурбон

Душанба куни Хубэй провинциясининг ўзида коронавирусдан 103 киши вафот этди. Эпидемия бошланганидан буён Хитой ҳудудида вирусдан ҳалок бўлганларнинг жами сони 1017 кишига етган. Аммо душанба куни коронавирус билан зарарланганлар сони аввалги куни зарарланганлар сонидан 20 фоизга камайди - 3062 нафардан 2478 нафарга.

Айни вақтда мамлакат ҳудудида 42 694 кишида касаллик ҳолати қайд этилган. 37 726 киши ҳозирда даволанишда бўлиб, улардан 7333 нафарининг аҳволи оғир. Жами 3996 киши касалликдан даволаниб, тиббиёт муассасасидан уйига жавоб бериб юборилган.


















