Президент “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармон билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган 46 турдаги ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган қисқартирилаётган вазифа ҳамда функциялар рўйхати:

1. Фуқароларга уй-жой фондидан фойдаланишда ҳамда унинг сақланишини таъминлашда кўмаклашиш.

2. Квартира мулкдори йўқлигида аварияни бартараф этиш учун хонадонга кириш.

3. Қаровсиз уй ҳайвонлари ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни эгасини қидириш чораларини кўриш, қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахснинг илтимосига кўра ҳайвонларни боқиш учун зарур шароити бўлган шахсни топиш ҳамда ҳайвонларни унга топшириш.

4. Иморатни қуриш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида қурилганлигини аниқлаш.

5. Ҳудудларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ва кредитларнинг белгиланган муддатда қайтарилишини таъминлаш.

6. Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш учун тузиладиган туман (шаҳар) комиссия таркибида иштирок этиш.

7. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа органларга кўмаклашиш.

8. Аҳоли пунктлари санитария жиҳатидан тозаланишига ҳамда маиший-рўзғор чиқиндилари тўплаб олиб кетилганлиги учун тўловларни вақтида тўланишига кўмаклашиш.

9. Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун абонентлар билан шартномалар тузиш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш.

10. Маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасидаги амалий тизимни ташкил этиш, қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисоби юритилишини ташкил этиш.

11. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи узоқ вақтдан буён ҳал этилмаётган объектлар ва аҳоли пунктларига рейдлар ташкил этиш.