Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Ҳужжатда белгиланишича, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосари – вазирга ҳамда вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари биринчи ўринбосарлари – вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларига тенглаштирилади.
Қарорга кўра, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- вазирликка тегишли вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
- вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотлардан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
- давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.
Ҳужжат билан, Иқтисодиёт ва саноат, Молия, Қурилиш вазирликлари, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:
- ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури, «Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури», «Yoshlar – kelajagimiz» дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.







