Жаҳон | 08:03 / 24.02.2020
19114
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Хавфлиликнинг энг юқори даражаси эълон қилинди 

Жанубий Кореяда бир кун ичида коронавирусдан 161 та янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, умумий касалланганлар сони 763 нафарга етди, 7 нафар бемор вафот этган.

Фото: AP Photo / Ahn Young-joon

Вирус жадал тарқалаётгани сабабли Жанубий Корея ҳукумати мамлакатда хавфлиликнинг энг юқори “қизил” даражасини жорий қилишга қарор қилди. Бундай қарор мамлакатда ўн йилдан кўпроқ вақт ичида илк бор қабул қилинди, деб хабар берди Yonhap ахборот агентлиги. 

Шунингдек, ҳукумат вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2 март куни якунланиши керак бўлган мактаб таътилларини узайтиришга қарор қилган. 

Маълум қилинишича, 131 та янги касалланиш ҳолати Тэгу шаҳрида, 10 та Кёнгидо вилоятида, 11 та Кёнсан-Пуктода, қолганлари эса мамлакатнинг қолган ҳудудларида қайд этилган. Жумладан, касалланганлардан 129 киши Тэгудаги Синчхончжи диний сектаси билан боғланган. Айнан шу оқимга аъзо 61 ёшли аёл сектанинг Тэгудаги ибодатхонага келган бошқа аъзолари орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлган. Маҳаллий ҳокимият идоралари ушбу сектанинг 9336 нафар аъзосини уй карантинига жойлаштирган, улардан 1276 нафарида вирус аломатлари пайдо бўлмоқда, яна 604 киши билан боғланиб бўлмаган. Айни вақтда ушбу секта билан Жанубий Кореядаги касалланиш ҳолатларининг 458 таси боғланган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид