Ушбу шифокор айни вақтда коронавирус авж олган Италия шимолидаги Ломбардия вилоятидан оролга таътилини ўтказиш учун келганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб ушбу коронавирусдан зарарланганлар сони 80 минг нафардан ошиб кетган, қурбонлар сони 2700 нафарни ташкил қилмоқда. Зарарланиш ҳолатларининг аксари Хитой ҳудудида қайд этилган.
Душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эҳтимолий пандемияга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу вирусдан зарарланганлар орасида ўлим ҳолатлари 1-2 фоиздан ошмаётган бўлсада, тиббиёт ходимлари ўлим даражасининг ҳақиқий кўрсаткичлари бошқача бўлиши мумкинлигини тусмол қилишмоқда.
Коронавирус Европага тарқалмоқда, Италия шаҳарлари карантинда. Сўнгги маълумотлар
Коронавирус авж олиши жаҳон иқтисодиётига зарар келтиришда давом этмоқда: Лондон ва Нью-Йоркдаги ҳолатлар ортидан Токио биржаларида ҳам акциялар курси кескин тушиши кузатилмоқда.
Тенерифеда нима бўлди?
Испаниянинг El Pais нашри Канар оролларидаги Тенерифе шаҳри полицияси ҳамда тиббий хизматлардаги манбаларга асосланиб хабар беришича, ҳудуд жанубий-ғарбида жойлашган тўрт юлдузли H10 Costa Adeje Palace меҳмонхонасининг барча мижозларини текшириш тўғрисида кўрсатма берилган.

Ушбу меҳмонхона мижозларидан бири фейсбукдаги саҳифасида хонаси эшигига қистириб кетилган қоғоз суратини намойиш этди. «Биз катта афсус билан маълум қиламизки, тиббий сабабга кўра ушбу меҳмонхона ёпилди. Сиз ҳукуматнинг кейинги фармойишига қадар хонангизда қолишингиз керак», дея ёзилган унда.
Испаниядаги нашрларнинг ёзишича, ушбу фармойишга риоя этилиши хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан назорат қилинмоқда, улар меҳмонхонадагилар ташқарига чиқишига рухсат беришмаяпти.
Би-би-си мухбири билан гаплашган меҳмонларнинг бири айтишича, мижозлар меҳмонхона ичкарисида ҳаракатланишига рухсат берилган.
«Биз ойна орқали хавфсизлик хизмати ходимлари ва меҳмонхонанинг ўнлаб ходимларини меҳмонхона дарвозаси олдида йиғилиб турган ҳолда кўрдик», дея бошқа бир сайёҳ Кристофер Беттснинг сўзларини келтирмоқда Рейтер агентлиги.

















