Италияда янги Covid-19 коронавирусини юқтирганлар сони сўнгги кунда учдан бир қисмига кўпайди ва ҳозирги вақтда вирусдан зарарланганлар сони 453 кишини ташкил этмоқда. Саудия Арабистони эҳтиёткорлик чоралари доирасида зиёратчиларнинг Маккага киришини тўхтатди.

Вирус бутун дунё бўйлаб 2804 киши ҳаётига зомин бўлди, 32872 киши вирусдан касаллангач, соғайган.

Италияда нималар бўлмоқда ва айб касалхоналардами?

Аксарият касалланиш ҳолатлари Италиянинг шимолий саноат минтақаларида, жумладан маркази Милан бўлган Ломбардияда кузатилмоқда. Аниқланган ҳолатлар сони бўйича иккинчи ўринда Венеция ва унинг атрофидаги туманлар жойлашган. Беморлар сони сўнгги кун давомида учдан бир қисмга кўпайди: сешанба куни кечқурун вируснинг 323 ташувчиси, 12 ўлим ва 3 тузалиш ҳолати эълон қилинганди.

Энди Миланда тиббий ниқоб таққан одамларни учратиш ноёб ҳодиса эмас / GETTY IMAGES

Ҳукумат вакиллари касаллик тарқалишининг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солаётганликларини айтишмоқда. Мамлакат бўйлаб барча мактаблар, университетлар ва кинотеатрлар ёпилмоқда ва оммавий тадбирлар бекор қилинган. 

Коронавирус Италиядан уч қитъага тарқалди. Сўнгги маълумотлар

Умумий аҳолиси 55 минг кишидан иборат бўлган бир неча шаҳар карантин учун ёпилган. Кўпчилик коронавирус тарқалиши Италия иқтисодиётида пасайишга олиб келиши мумкин деган хавотирда.

Италия прокуратураси Ломбардия касалхоналарини тафтиш қилишни бошлади. Аввалроқ ОАВда шифохоналардан бири «суперюқтирувчи»га айланган беморни (вирусни бошқаларга қараганда кўпроқ одамларга юқтирадиган беморлар) кўрикдан ўтказгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. 

Шундан сўнг бош вазир Жузеппе Конте шифохоналардан бирининг ходимларини бепарволикда айблаб, танқид қилди. Бу қайси шифохоналигига аниқлик киритилмади. 

Ломбардиянинг Кодоньо шаҳридаги 150дан ортиқ инфекция ҳолати матбуотда Маттиа деб аталаётган 38 ёшли эркак билан боғланмоқда. У Кодоньодаги касалхонага ётқизилган, аммо бунгача у вирусни ҳомиладор рафиқаси, дўсти, барга ташриф буюрган уч нафар кекса меҳмонга юқтирган, шунингдек ярим-марафонда югурган, футбол ўйнаган.