Сўнгги маълумотларга кўра, Австрия, Хорватия,  Швейцария, Руминия ва Грецияда шу кунларда Италияда бўлиб қайтган фуқароларда коронавирус аниқланган.

Коронавирус Европага тарқалмоқда, Италия шаҳарлари карантинда. Сўнгги маълумотлар

Африка шимолидаги Жазоирда ҳам вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати қайд этилди: бу бемор Италия фуқароси бўлиб, у 17 февраль куни Италияда бўлган.

Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида ҳам 61 ёшли эркакда касаллик аниқланган, у яқинда Италияда хизмат сафарида бўлиб қайтганди, бу Жанубий Америкада ушбу вирус аниқланган илк ҳолатдир.

Италияда вирус юқтирганлар сони ўсишда давом этмоқда, аммо қўшни мамлакатлар чегараларни ёпишга шошилмаяпти, бу «пропорционал чора бўлмайди» деб ҳисобланмоқда. Франция, Германия, Италия ва Еврокомиссия вакиллари ўзаро учрашувда одамларнинг ҳаракатланишига чеклов ўрнатмасликка қарор қилишди.

«Гап вирус ҳақида кетмоқда, у чегара билмайди», - деган Италия соғлиқни сақлаш вазири Роберто Сперанца. Унинг германиялик ҳамкасби Йенс Шпан Италиянинг қўшнилари оғир вазиятга «жиддий муносабатда бўлиши»ни айтиб, бундан кейин вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Буюк Британияда Италия шимолида таътил ўтказиб қайтган мактаб ўқувчиларига уйга жавоб бериб юборилган, ҳукумат фуқароларига ушбу мамлакатга сафар қилмасликни тавсия этмоқда. Аммо Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок ҳукумат Италия билан авиаалоқани тўхтатмаслигини маълум қилди, ҳар йили бу мамлакатга уч миллионга яқин британиялик ташриф буюради.

«Италияга қаранг, у ерда Хитойдан келаётган самолётларни қабул қилиш тўхтатилган, лекин Италия Европада ҳаммадан кўпроқ зарар кўрган мамлакат бўлиб турибди», деган Ҳэнкок.

Европада нималар бўлмоқда?

Австрияда италиялик ёш жуфтликда коронавирус аниқланди, улар Тиролдаги Инсбрук шаҳрида яшаб келишган. Улардан бири ишлаган меҳмонхона ҳозирда ёпиб қўйилган.

Коронавирус авж олиши туфайли Венеция карнавали бекор қилинди / AFP/GETTY IMAGES