Президентнинг “Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, бош вазир, унинг ўринбосарлари ва президент маслаҳатчилари бошчилигида тузилган давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ этиш бўйича Ишчи гуруҳлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар танқидий таҳлил этилганлиги ҳамда иқтисодиётда улар улушини кескин қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Қуйидагилар:

давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатлари бўйича:

давлат акция пакетлари (улушлари) хусусий секторга тўлиқ сотиладиган корхоналар (1115та корхона);

давлат-хусусий шерикчилик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун таклиф этиладиган корхоналар (42та корхона);

давлат муассасаларига ўзгартириладиган корхоналар (153та корхона);

филиал сифатида қайта ташкил этиладиган корхоналар (110та корхона);

тугатиш ёки банкротлик таомили қўлланадиган корхоналар (708та корхона);

2020-2025 йилларда Ўзбекистоннинг давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси тамойилларини жорий этиш шарти билан давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқ ёки қисман сақлаб қолинадиган корхоналар (555та корхона);

хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати (125та объект);

Давлат активларини хусусийлаштириш тартибини соддалаштириш ва уларни сотиш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган меъёр ва тадбирлар тасдиқланади.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (А. Арипов):

2020-2025 йиллар давомида давлат активларини савдога чиқариш, давлат иштирокидаги корхоналарни қайта ташкил этиш ва тугатиш графигини корхоналарни сотишдан олдин тайёрлаш, жумладан уларнинг жозибадорлигини ошириш, давлат улушини қисқартириш учун қўшимча акциялар чиқариш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган муддатларни инобатга олган ҳолда тасдиқланишини;

ҳар йили 1 мартга қадар тегишли вазирлик ва идоралар ҳисоботлари корхоналарда давлат иштирокини сақлаш заруратини кўриб чиқилишини ва мазкур корхоналарнинг янгиланган рўйхатини Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида жойлаштириб борилишини таъминлайди.