Ўзбекистон | 11:45 / 29.02.2020
18971
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати очиқланди

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар кўрсатилиши тартибга солинади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати;

ўтказиш пунктларида алоҳида шахсларга хизмат кўрсатиш йўлаклари тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

пуллик хизматлар ўтказиш пунктини нормал фаолиятига таъсир этмаган ҳолатдагина амалга оширилишига йўл қўйилади;

пуллик хизматларнинг кўрсатилиши учун ўтказиш пунктлари Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича бошқармалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг жойлардаги ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда, ўтказиш пунктини индивидуал кўрсаткичларини инобатга олиб белгиланади. Бунда, ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатилиши мумкин бўлган пуллик хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган ҳудуд майдони, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган пуллик хизматлар давлат мулкини ижарага бериш орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилади;

давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони талабларига мувофиқ тақсимланади;

ўтказиш пунктида пуллик хизматларнинг кўрсатилишини вақтинча тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши ва тугатилиши, шунингдек уларни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ижарага олувчи томонидан қопланиши белгиланган тартибда тузилган давлат мулкини ижарага бериш шартномасида кўрсатилади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган ҳар бир пуллик хизмат амалдаги қонунчилик билан белгилаб берилган тартибда амалга оширилади;

Давлат божхона қўмитасининг буюртмаси асосида, истисно тариқасида, ўтказиш пунктларида пуллик хизмат кўрсатилиши учун юридик шахслар ўртасида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талабларига мувофиқ ўтказиладиган танловга, ўтказиш пунктларида янги бино ва (ёки) иншоот қурилиши ҳамда танлов ўтказилгандан сўнг ғолиб томонидан ушбу қурилган янги бино ва (ёки) иншоотни божхона органлари балансига оператив бошқарув ҳуқуқи билан беғараз ўтказилиши бўйича қўшимча танлов талабини киритишга рухсат берилади.

Божхона органлари балансига беғараз ўтказиб берилган бино ва (ёки) иншоот уни қуриб берган юридик шахсга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида ижарага берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати

 1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган мобил алоқа операторлари хизматлари.

2. Овқатланиш ҳамда санитар – гигиеник хизматларни ташкил этиш бўйича фаолият.

3. Бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларнинг чакана савдоси.

4. Йўловчилар учун қўл аравачаларини ижарага бериш.

5. Йўловчилар ва уларнинг юкларини ўтказиш пункти ичида ташиш хизмати.

6. Ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларига биринчи техник (мураккаб таъмирлаш ишлари бундан мустасно) хизмат кўрсатиш ҳамда уларни фавқулодда эвакуация қилиш.

7. Ҳажми катта бўлмаган қўл юкларини сақлаб бериш (камера хранения).

8. Транспорт воситаларида ташилаётган юклар билан операциялар амалга ошириш (юк ортиш, тушириш, қайта юклаш).

9. Таржимонлик хизмати.

10. Йўловчиларни ўтказиш пункти ичида алоҳида йўлаклар (VIP) орқали ҳаракатланишини ташкил этиш.

11. Хизмат кўрсатиш (йўловчи божхона декларацияси ва миграция бланкини тўлдириб бериш, ксеронусха олиш, турли компьютер хизматлари, факс, интернет) хоналари (стол услуг).

12. Такси чақириб бериш хизмати.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид