«Касаллик авж олмоқда. Биз анчадан буён коронавирус жуда кўпчиликка, агар ҳаммага бўлмаса, етиб бориши сценарийси ҳақида огоҳлантириб келмоқдамиз», - деди ЖССТ вакили Кристиан Линдмейер.
Reuters агентлиги ҳисобларига кўра, жаҳон иқтисодиётининг коронавирусдан кўрган зарари беш триллион долларни ташкил этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб 2 867 киши ушбу вирус қурбонига айланган.
Жаҳондаги вазият
Covid-19 айни вақтда Антарктидадан бошқа барча қитъаларга тарқалиб бўлган.

Жума куни Нигерия ва Янги Зеландия давлатлари ҳукуматлари ҳам вирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолатлар ҳақида эълон қилишди. Вирус шимолдаги Исландияга ҳам етиб борди.
Нигерия вирус юқиши ҳолати қайд этилган Саҳройи Кабирдан жанубдаги илк давлат бўлди. Вирус Миландан Лагосга учиб келган италияликда аниқланган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Акинола Абайомининг сўзларига кўра, ушбу беморда вируснинг енгил ҳолати аниқланган ва унинг аҳволи барқарор бўлиб турибди.
Абайомининг сўзларига кўра, ҳукумат у билан алоқада бўлган бошқа кишиларни ҳам текширади.
Янги Зеландияда вирус аниқланган илк бемор 60 ёшда. Унинг исми, жинси ва миллати маълум қилинмаган. У Эрондан учиб келгани ва айни вақтда Окленд шаҳрида карантин ҳолатида сақланаётгани маълум.
Мўғулистон президенти Халтмаагийн Баттулга Хитойдан қайтгач, ўзини икки ҳафтага изоляция қилди. У қўшни давлатга сафари вақтида Си Цзиньпин билан учрашган ва Хитойга ёрдам тариқасида 30 минг бош қўй совға қилган. Баттулга Covid-19 коронавируси тарқалишни бошлаганидан кейин Хитойга келган илк давлат раҳбари бўлди.
Хитой ҳукумати сўнгги бир кунда яна 327 кишида вирус аниқланганини маълум қилди. Бу февраль ойида бир кунда аниқланган беморлар сони бўйича энг паст кўрсаткичдир.
Жанубий Корея вирус авж олиши бўйича Хитойдан кейинги иккинчи давлат бўлиб қолмоқда. Жума куни вирусдан зарарланганлар сони яна 315 нафарга ошгани ва беморларнинг умумий сони 2337 нафарга етгани маълум қилинди.

Масалан, ушбу суратда кўрсатилган уй эгаси лифтни чақиришда тиш тозалагичдан фойдаланишни таклиф этган.


















