Баҳорнинг илк куни Ўзбекистон бунёдкорлиги тарихи йирик ҳамкорлик билан ёдда қоладиган бўлди. Ўзбекистоннинг шиддат билан ривожланаётган Murad Buildings девелоперлик компанияси Қозоғистоннинг соҳа гигантларидан бири бўлган, йиллик айланма маблағи 1,5 млрд. АҚШ долларини ташкил қиладиган BI Group компанияси билан янги ва ўзига хос услубда ишловчи – NRG бунёдкорлик компаниясига асос солдилар.

Пойтахтнинг ҳашаматли Hilton меҳмонхонаси анжуманлар залида йирик байрам шаклида ташкиллаштирилган бу тақдимотда сиёсатчилар, йирик тадбиркорлар, шоу бизнес вакиллари ва кўплаб хорижий ҳамда маҳаллий меҳмонларни учратиш мумкин эди.

Тақдимот дастлабки сониялариданоқ мақсадларнинг нақадар улканлигини кўрсатиб бера олди. Murad Buildings асосчиси ва раҳбари Мурод Назаров ҳамда BI Group директорлар кенгаши раиси Ойдин Раҳимбоевлар янги ташкил қилинаётган NRG бунёдкорлик компаниясининг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб бердилар.

Маълумот учун: BI Group – Қозоғистоннинг йирик девелоперлик компанияси. Нафақат бу давлатда, балки қатор бошқа давлатларда ҳам фаолият юритади. 8 минг нафардан ортиқ ходимларга эга бу компания 25 йилдирки муваффақият билан ишлаб келмоқда ва шу даврга қадар 150 дан ортиқ лойиҳада 5 млн.кв.м.дан ортиқ турар-жой ва бизнес объектларини қуриб битқазган. Биргина 2019 йилнинг ўзида компания томонидан 1,5 млн. кв.м.дан ортиқ майдон фойдаланишга топширилган ва Мурод Назаровнинг билдиришича, бу кўрсаткич биздаги жами девелоперлик компаниялари ҳажмидан кўпроқдир. Компаниянинг йиллик айланмаси 1,5 млрд. АҚШ долларини ташкил қилади.

Тақдимотга ташриф буюрган BI Group холдинги бошқаруви раиси Омонгелди Омаровнинг маълум қилишича, компания бир вақтнинг ўзида 150 дан ортиқ объектларда фаолият олиб боради ва соҳага мўлжалланган махсус дастур орқали барчаси муттасил назорат қилиб борилади. Компания томонидан махсус яратилган “Smart ремонт” дастури уйларни нафақат қуришни, балки ички дизайни, таъмирлаш ва жиҳозлашни ҳам кўзда тутади. Айни мана шу дастур ўтган 5 ой давомида Қозоғистонда мингдан ортиқ, яъни ойига 200та хонадонни таъмирлаб, жиҳозлаб тайёр ҳолга келтириш имконини берган.