Расмийлар мамлакатда коронавирус тарқалишига сектанинг Тэгу шаҳрида ўтказилган маросимлари вақтида секта аъзоларининг касалликни бир-бирига юқтириши сабаб бўлгани, вирус шу орқали Жанубий Кореянинг бошқа ҳудудларига ёйила бошлаганини таъкидлашган.
Коронавирус Жанубий Кореяда: вазият чиндан ҳам оғирми?
Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Лора Бикернинг сўзларига кўра, бу даъво мамлакатда лидери ўзини масиҳ деб атайдиган диний ташкилотга нисбатан норозилик ортиб бораётганини англатади.
Маъмурлар ушбу сектанинг барча аъзоларини — 230 минг кишини текшириб чиқишди ва тахминан 9 минг киши ўзида коронавирус аломатларини бошдан кечиргани айтилди. Секта етакчиси 88 ёшли Ли Ман Хи ҳам коронавирус текширувидан ўтган, унинг натижалари ҳозирча номаълум.
Шу билан бирга, якшанба куни Жанубий Кореядаги барча католик черковлари Covid-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёпилди.
Кўплаб ижтимоий тадбирлар, шу жумладан, BTS поп гуруҳининг концерти ҳам бекор қилинган.

Жанубий Кореяда католик черковига ибодат қилувчилар тахминан 5,8 миллион кишини ташкил қилади — у мамлакатдаги энг катта конфессиялардан бири. 7 мартга қадар 1734та черковда ибодатлар бекор қилинди.
Бу католиклар мазҳабининг Жанубий Кореяда фаолият кўрсатган бутун 236 йиллик тарихида мисли кўрилмаган қадамдир.
Бошқа кўплаб диний конфессиялар, хусусан, протестантлар черковлари ва будда ибодатхоналари ҳам якшанба кунги диний маросимларни бекор қилди.
Жанубий Корея коронавирус тарқалиши сони бўйича Хитойдан кейинги иккинчи мамлакатга айланди: вирус юқиши билан боғлиқ 4335та ҳолат тасдиқланган ва 26 киши вафот этган. Вирусга чалинганларнинг ярмидан кўпи «Синчхончжи» диний сектаси таълимоти издошларидир.






















