Жаҳон | 16:39 / 02.03.2020
5897
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда ҳукмрон партия парламент сайловларида ғалаба қозонди

Халқ демократик партияси 12та мандатга эга бўлди

Фото: Михаил Егиков/ТАСС

Тожикистондаги парламент сайловларида ҳукмрон Халқ демократик партия 50,4 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Бу ҳақда Тожикистон Сайлов ва референдумлар бўйича марказий комиссияси раиси Бахтиёр Худоёрзода томонидан брифингда маълум қилинди.

«Тожикистон Халқ демократик партияси парламент сайловларида 50,4 фоиз овоз тўплади», - дея хабар берди Худоёрзода. Марказий сайлов комиссияси раҳбари таъкидлаганидек, ҳукмрон партия қонунчилик органида 12та мандатга эга бўлди.

Тожикистон парламенти қуйи палатасига сайловларда сайловчиларнинг 86,4 фоизи иштирок этди. «Тожикистон Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган маълумотларга кўра, парламент сайловларида иштирок этганлар сони 86,4 фоизни ташкил этди», - деди Худоёрзода.

Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, партиялар рўйхати бўйича Иқтисодий ислоҳотлар партияси (16,61 фоиз овоз) ва Аграр партия (16,5 фоиз овоз) республика парламентига кирди, улар тўрттадан мандатга эга бўлди. Шунингдек, Социалистик ва Демократик партиялар битта мандатга эга чиқди, улар беш фоизлик тўсиқдан ўтди. Худоёрзоданинг сўзларига кўра, олтита партия парламентдан жой олди. Тожикистон Коммунистик партияси хабарига кўра, улар бир мандатлик округлар бўйича парламентга кирди.

Тожикистонда 1 март куни парламентнинг қуйи палатаси - Мажлиси намояндагонга сайловлар бўлиб ўтди. Депутатларнинг 41 нафари бир мандатли, 22 нафари партия рўйхатлари бўйича сайланди. Сайловолди кампанияси 7 та партия иштирокида ўтган: Тожикистон Халқ демократик партияси, Аграр партия, Иқтисодий ислоҳотлар партияси, Демократик партия, Социал-демократик партия, Социалистик партия ва Коммунистик партия.

Мавзуга оид