17:13 / 04.03.2020
0
5332

Ўзбекистон ЯИМда илмий соҳа бор-йўғи 0,2 фоиз улушга эга – Вазир ўринбосари

Илм-фан соҳаси – Ўзбекистон ЯИМнинг бор-йўғи 0,2 фоизини ташкил этади. 2021 йилда бу кўрсаткични 0,8 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Азимжон Назаров / Фото : KUN.UZ

Халқаро пресс-клубнинг 4 мартдаги сессиясида инсон капитали мавзуси муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Сессияда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров сўз олиб, инсон капиталига оид муаммоларнинг иккита сабабини келтириб ўтди.

«Вазирлик инсон капиталига алоқадор кўраётган муаммолар асосан олий таълим қамрови камлиги билан боғлиқ.

Иккинчи муаммо таълимдан кейинги илмий ишларга кам маблағ ажратилиши, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон илмий соҳага ЯИМнинг бор йўғи 0,2 фоизини ажратади.

2021 йилда бу кўрсаткични 0,8 фоизга, 2030 йилда эса 1,5 фоизга чиқариш режалаштирилган. Ривожланган давлатларда ЯИМнинг 4 фоиздан кўпроғи илмий ишларга йўналтирилади», – деди Азимжон Назаров.

Сарвархон Бузрукхонов

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхоновнинг сўзларига кўра, республика бўйлаб битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2019 йилда 20 фоиздан ошди, 2020 йилда эса бу кўрсаткични 27 фоиздан ошириш режалаштирмоқда.

«Олий талимдаги ислоҳотларнинг ҳаммаси инсон капиталини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Инсон капитали масаласини ҳал қилиш учун ОТМларни ҳудудларга олиб киряпмиз», – дея қўшимча қилди Бузрукхонов.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатида жорий йил олий таълим қамрови 2020 йилда камида 25 фоизга етказилишини айтганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top