2 март куни Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳаракатлар ва мажбуриятларни амалга оширишга киришилгани расман эълон қилинди. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкил этган тадбирда бу мавзу Олий Мажлис Сенати ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари билан биргаликда муҳокама қилинди. Ҳаракатлар ўн йиллигига шу санада расман старт берилиши бежиз эмас, яъни 1992 йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланган. Асосий мақсад 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича улкан ҳаракатларни бошлаш ҳисобланади.

Дастурни амалга оширишга бағишланган тантанали тадбирда БМТ миссияларининг раҳбарлари, шу қаторда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати раиси ва унинг аъзолари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари ҳамда жамоатчилик, ёшлар, фуқаролик жамияти иштирок этди.

Ёшлар вакиллари маърузаларида очликка барҳам бериш, гендер тенглиги, соғлом турмуш тарзи ва яна бошқа қатор мақсадларга эришиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот бердилар. Бундан ташқари, маърузачилар меҳмонларни 2030 йил сўнггига қадар барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фаол ҳаракатларни амалга оширишга чорладилар.

Барқарор ривожланиш мақсадлари — камбағал, бой ва ривожланаётган давлатларнинг амалий ҳаракатларни бажаришга бўлган чорловидир. Улар сайёрамизнинг фаровонлиги ва ҳимоясини янада яхшилашга қаратилган. Дунё мамлакатлари қашшоқликни тугатиш чоралари иқтисодий ўсишни кучайтириш ва таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик, шунингдек, иқлим ўзгариши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги бир қатор муаммоларни ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни биргаликда қабул қилиниши зарурлигини тан олмоқдалар.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ўн йил қолди. Ҳаракатлар ўн йиллиги дунёдаги барча жиддий муаммолар, жумладан қашшоқлик ва гендер муаммоларидан тортиб то иқлим ўзгариши, тенгсизлик ва молиялаштиришдаги дефицитни камайтиришга қаратилган барқарор ечимларни амалга оширишни фаоллаштиришга даъват этади.

















