Коронавирус: Москвада юқори шайлик режими, Санкт-Петербургда талабалар карантинда
Қайси товарларга талаб катта? Ва нима етмай қолиши мумкин?
Тиббий ниқоблар

Ваҳоланки, шифокорлар тиббий ниқобларнинг вирусдан деярли ҳимоялай олмаслигини таъкидлаётган бўлишса-да, уларга бўлган талаб ҳаддан ошиб бормоқда. Бир қатор дорихона, дўконларда ва ҳаттоки Amazon’да ҳам маҳсулотлар етказиб берилишида узилишлар кузатилмоқда.
«Одамлар ниқобга тилла мисоли талпинишмоқда», дейди Бразилия ниқоб ишлаб чиқарувчи компанияси раҳбари Мигел Луис Гричено Рейтер агентлигига. Унинг компанияси шошилинч равишда ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар оширган.
Ушбу жўн маҳсулотга нисбатан бу қадар талаб бир неча давлат расмийлари тиббиёт ходимлари учун захира ярата бошлаганидан сўнг ортиб кетди: беморлар билан ишлаш жараёнида шифокорлар инфекцияни юқтириш хавфига ҳаммадан кўпроқ дуч келишади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, дунё бўйлаб юқумли касалликка қарши курашиш учун шифокор ва ҳамшираларга жуда кўп миқдордаги ниқоблар керак бўлади — 8 миллион дона. Бундан ташқари, 76 миллион жуфт эластик қўлқоп ва 1,6 миллион ҳимояловчи кўзойнак.
«Ушбу жуда зарур иш қуролларининг етишмаслиги шифокор ва ҳамширалар учун хавф туғдириши мумкин», дея огоҳлантирган ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳан Гебрейесус.

Касалликка чалиниш ҳолати бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда турган Жанубий Кореяда (6593 бемор ва 42 қурбон) ҳукумат ниқоб ишлаб чиқариш кўламини ошириш чораларини кўрмоқда. Уларни чет элга олиб чиқиб кетиш тақиқланади, ҳар бир харидор ҳафтасига фақат иккита ниқоб сотиб олиши мумкин.





















