Москва мэри Сергей Собянин Россия пойтахтида коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги чоралар ҳақида эълон қилди. Инструкцияда хориждан қайтиб келганлар биринчи навбатда нималар қилиши ва қандай ҳолатларда ўзини изоляция қилиши зарурлиги кўрсатилган.

Бу чоралар шаҳарда коронавирус тарқалиши хавфи сабаб юқори шайлик режими жорий этилгани билан боғлиқ. Кўриладиган чоралар рўйхати Москва мэрияси сайтида жойлаштирилган.

Фармонда кўрсатилишича, Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон, Франция, Германия ва Испанияга бориб қайтган фуқаролар автоматик равишда 14 кун давомида ўзларини уй шароитида мустақил изоляция қилиши керак — улар ишга, ўқишга ва жамоат жойларига боришдан тийилишлари лозим.

Коронавирус тарқалган бошқа давлатлардан қайтиб келганлар ҳам бу ҳақда ҳукуматни хабардор қилиши керак. Бундай фуқаролар Россияга қайтиб келганликлари ҳақида хабар бериши ва ўзларининг телефон рақамларини қолдиришлари лозим. 

Агар «илк респиратор симптомлар» кузатилса, шифокорга бориш керак эмас, балки уйда туриб тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур бўлади. Агар шифокор изоляция режими тайинласа, унга амал қилиш керак.

Шунингдек, иш берувчиларга ўз ходимларининг тана ҳароратини иш жойида ўлчаш, кимда юқори ҳарорат аниқланса, ишдан четлатиш чорасини кўриш мажбурияти юкланган. Иш берувчи зарур ҳолатда ходимларига уй шароитида мустақил изоляция режимини таъминлашга ёрдам кўрсатади.

Шу билан биргаликда, Собяниннинг фармони матнида, кўрсатмаларга амал қилмайдиган фуқаролар ва иш берувчилар қандай жавобгарликка тортилиши борасида аниқлик киритилмаган, шунингдек, ушбу фармон эълон қилинишидан аввалроқ инфекция ўчоқларидан қайтганлар қандай бунга риоя қилишлари кераклиги ҳам эслаб ўтилмаган

Сергей Собяниннинг сайтида ёзилишича, Москвада айни вақтда умумий вазият нисбатан тинч.

Москва, Қизил майдон / AFP/GETTY IMAGES

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида эса Мечников номидаги давлат шимоли-ғарбий тиббиёт университетининг 700 нафардан ортиқ талабаси карантинга олинди. Бунга италиялик талабада коронавирус кузатилгани сабаб бўлган.

Италиялик талабанинг ҳарорати кўтарилгач, тезкор чоралар кўрилган ва у Боткин номидаги касалхонага жойлаштирилган.