Жамият | 18:14 / 06.03.2020
11707
2 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳридаги абгор йўл: ҳайдовчилар асабидан, машиналар баллонидан айрилмоқда

Андижон ва Фарғона вилоятларидан келишда Наманган шаҳрига асосий кириш йўли бўлган Марказий Марғилон кўчаси ачинарли ҳолатда.

Бир неча йилдан бери серқатнов йўлнинг носозлиги автомашина ҳайдовчилари учун ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

Йўлдаги ўнқир-чўнқирликлар тирбандлик ва йўл ҳаракати қоидаларини бузилишига сабаб бўляпти.

Кўча ўртасидаги канализация тармоғи ўтган жойда ёриқ пайдо бўлган ва унинг узилган симлари чиқиб ётибди. Аҳоли бу хавфли жойга ҳайдовчилар юриб тушиб кетмаслиги учун тупроқ тўлдирилган қоп билан тўсиб белги қўйишган.

 

Марказий Марғилон кўчасидан ўтаётган автомашина ҳайдовчиларининг фикри билан қизиқдик.

«Йўлнинг шу ҳолатга келиб қолганига 10 йил бўлди. Мурожаат қиламиз, номига ямаб кетишади. Таъмирдан 20-30 кун ўтиб йўл яна шу ҳолатга келиб қолади...»

«Бу йўлдан юрган автомобилларнинг «ходовой» қисми ишдан чиқмоқда. Тўғриланишини неча йиллардан бери кутамиз...»

«Шаҳарга ҳар куни шу йўл орқали қатнайман. Ёмғирли кунда бу кўчанинг ҳолатини кўрсангиз эди...»

Марказий Марғилон кўчасида турли ижтимоий соҳа объектлари бор. 50-умумтаълим мактаби ёнидаги пиёдалар ўтиш жойи чизиқлари ҳам йўлнинг сифатсизлиги туфайли ўчиб кетган.

Йўлнинг қатнов қисми ўртасида тўхтаб қолган «Спарк» автомашинасига кўзимиз тушди. Ҳайдовчи билан суҳбатлашганимизда, йўлдаги чуқур сабаб машинасининг баллонини алмаштиришига тўғри келмоқда.

Наманган шаҳрига олиб борувчи асосий йўллардан бирининг бу аҳволда эканини қандай изоҳлаш мумкин?

Сарварбек Назаров,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид