«Озода, лекин хавфли шаҳар» – Варламовнинг Самарқандга саёҳат таассуротлари (видео)
Россиялик машҳур блогер Илья Варламов шу йилнинг февраль ойида Самарқандга саёҳат қилди ва ўз таассуротлари ҳақида видеолавҳа тайёрлади.
Варламов дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳат қилиши ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашиши орқали ном қозонган. Бу сафар Илья яна бир россиялик блогер Максим Верник билан биргаликда Самарқандга келди.
Дастлаб саёҳатчилар самарқандча ошнинг тайёрланиш жараёнини суратга олишди. Ош ва ўзбек нони жуда мазали эканини эътироф этишди. Икки киши бўлиб овқатланиш арзон, атиги $9 эканидан ҳайрон бўлишди.
Шундан сўнг дўстлар Самарқанднинг «Сиёб» деҳқон бозорига боришди. Бу ерда нарх-навонинг Москвага қараганда 10 баробар арзонлигидан таажжубланишди – нон $0,2, анор шарбати $0,5, зираворлар $2,1, зарбоф чопон $23.
Варламов Регистоннинг чиройидан ҳайратланар экан, мадрасалардан бирининг олдига қўйилган милиция будкаси ва тувакдаги гулларнинг беўхшов эканидан ранжиди.
Блогер Самарқанд шаҳри архитектурасидаги, ободонлаштириш ишларидаги камчиликларга эътибор қаратди. Хусусан, пиёдалар йўлагида чуқурчалар ва тўсиқлар кўплигини, йўлни кесиб ўтиш жойларининг хавфли эканини, транспорт воситалари пиёдалар йўлагига қўйилганини таъкидлади.
Шунингдек, шаҳардаги эълонларнинг деярли барчаси негадир рус тилида ёзилганидан таажжубланди.
Самарқанд темир йўл вокзали Варламовга ёқди. Унинг тарихий қиёфаси сақланиб қолган ҳолда, миллий анъаналарга хос тарзда таъмирланганини мақтади. Аммо панжаралар билан ўраб олингани ва текширишлар ҳаддан ортиқ кўплигидан афсусланди.
Россиялик блогер Самарқанддаги трамвай йўналишига ҳам эътибор қаратди. Унинг фикрича, трамвайнинг жамоат транспорти сифатида қайта тикланиши ижобий ҳолат. Аммо темир йўлларнинг сифатсиз қурилгани, махсус бекатларнинг йўқлиги, одамлар йўлнинг серқатнов ва хавфли қисмида трамвайдан тушишга мажбур бўлаётганини хавотир билан тилга олди.
Варламов Самарқандни «озода, аммо ҳаёт учун хавфли шаҳар» дея таърифлайди. Йўллардаги ариқлар усти очиқлиги, чуқурча ва тўсиқларнинг кўплиги, тунда кўча чироқларининг ишламаслиги – ҳаёт учун хавфли ҳолатлар эканини таъкидлади.
Видеолавҳа якунида блогер Самарқанддаги тинч ва осойишта ҳаётни тилга олди. Саёҳат қилиш, кўчаларни айланиш, суратга олишга ҳеч ким тўсқинлик қилмаганини, одамлар хушмуомала ва ёрдамга тайёр эканини, ўзини бу шаҳарда хавфсиз ҳис қилганини қайд этди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024