Нималар бўлмоқда?
9 март куни Brent русумидаги Шимолий денгиз нефти нархи 27 фоизга пасайиб, бир баррели 32 доллардан камроқни, WTI русумидаги нефть нархи эса бир баррели 30 доллардан камроқни ташкил этди. Савдолар давомида Brent нархи 31 фоизга тушиб, бир баррели 31,27 долларга тенг бўлди.
Нефть нархи тушиши ортидан халқаро валюта бозорида АҚШ ва Европа валюталари курси кўтарилиб, Россия рубли курси тушиб кетди. Forex биржасида бир доллар 75, бир евро эса 85 рублга етди.
Россия банки бюджет қоидалари доирасида камида 30 кун бозордан валюта сотиб олмаслигини эълон қилди.
Нефть нархининг тушиши ва доллар ҳамда евро курси кўтарилиши Осиёдаги индексларга ҳам таъсир қилди. Ҳонгконгдаги Hang Seng фонд биржаси индекси 1064 пунктга (4,07 фоиз) пасайди. Токиодаги Nikkei 225 биржаси индекси ҳам 1196 пунктга тушди (5,77 фоиз). Шанхай фонд биржасида ҳам пасайиш юз берди - 2,11 фоиз (2970,75 пункт).
Душанба куни Европа биржалари пасайиш билан очилди. Лондондаги FTSE 100 индекси 8,54 фоиз, Германиядаги DAX 8,09 фоиз, Франциядаги CAC 40 биржаси индекси 6,31 фоизга тушиб кетди.
Россия қимматли қоғозлари нархи Лондондаги савдоларда кескин тушиб кетди. «Газпром» акциялари - 24,82, «Роснефть» — 23,54 фоиз, «Новатэк» — 33,6 фоиз, «Газпром нефть» акциялари нархи 11,62 фоизга арзонлашди.
Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компанияси акциялари 9,09 фоизга пасайди.
Нархлар нега тушиб кетди?
Жаҳон иқтисодиётига таҳдид солаётган янги коронавирус авж олиши фонида 6 март куни Венада Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) мамлакатлари ва бу ташкилотга кирмайдиган Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон (ОПЕК+) нефть вазирларининг йиғилиши ўтказилди. Иштирокчилар 2016 йилдан бери илк бор нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш борасидаги шартнома шартларини келиша олмадилар ва шартнома 1 апрелдан ўз кучини йўқотадиган бўлди.
Йиғилишда Россия ва Саудия Арабистони қарама-қарши позицияни эгаллади. Москва нефть қазиб олишни қўшимча равишда қисқартиришга рози бўлмади ва 2020 йилнинг иккинчи чораги учун шартномани ҳозирги шартларда (нефть қазиб олишни суткасига 1,7 млн баррелга камайтириш) узайтиришни таклиф қилди, Ар-Риёд эса йил охиригача нефть қазиб олишни суткасига яна 1,5 млн баррелга камайтириш таклифи билан чиқди.
















