Саудия Арабистони бошчилигидаги нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEC) ва Россия бошчилигидаги OPEC’га кирмаган баъзи нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар жума куни Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган 7 соатлик йиғилишда қўшимча ишлаб чиқариш қисқартирилмагани нархларнинг кескин пасайишига олиб келди.
Бугунги кунда Brent маркали нефтнинг 1 баррели нархи 31,27 долларгача тушди, АҚШда WTI маркали (Ғарбий Техас) нефть нархи эса 27,34 долларгача тушган.
Натижада хом нефть нархи 2016 йил февралидан бери энг паст даражага пасайди. Шунингдек, 30 фоиздан кўпроқ пасайиш билан 1991 йил январь ойидаги Кўрфаз урушидан бери фоизлар бўйича энг оғир кунлик йўқотишлар қайд этилди.
Бозор учун кураш
Москва Саудия Арабистони бошчилигидаги OPEC’нинг қўшимча нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш тўғрисидаги таклифига қўшилмаганининг энг асосий сабаби – Россиянинг жаҳон нефть бозоридаги улушини АҚШнинг нефть ишлаб чиқарувчиларига бой бериб қўйиш қўрқувидир.
OPEC’нинг 2016 йил охирида Саудия Арабистони билан ҳамкорликда нефть нархи пастлиги сабаб ишлаб чиқаришни қисқартириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлаган Россия сўнгги 4 йил ичида хом нефть қазиб олишни 3 баравар камайтирди. Бироқ нефть нархини кўтариш учун қилинган ишлаб чиқариш қисқартиришида Саудия Арабистони бошчилигидаги OPEC давлатлари ва Россиянинг бозордаги улуши америкалик ишлаб чиқарувчилар қўлига ўтди.
2008 йилда АҚШда кунлик нефть қазиб олиш ҳажми 5 миллион баррел даражасида эди, ўтган ҳафтада бу рекорд кунига 13,1 миллион баррелга кўтарилди.
Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олишни қисқартириш билан нархлар 50 доллардан ошган бир пайтда, ушбу икки мамлакатнинг бозор улушининг катта қисмини эгаллаб олган АҚШ бу давлатларни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчисига айланиб олди.
Бундан буён америкалик ишлаб чиқарувчиларга бозордаги улушини тутқазишни истамагани учун бу сафар OPEC’нинг ишлаб чиқаришни қисқартириш қарорига қўшилмаган Россия нефть қазиб олишни кўпайтириши мумкинлиги ҳақида дарак бермоқда.
Саудия Арабистонининг апрель ойининг бошидан хом нефть қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш имконияти эса 3 йилдан кўпроқ вақт давом этган Ар-Риёд–Москва иттифоқининг интиҳо хавфини келтириб чиқаради.














