Бугун, 10 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан уюштирилган бу матбуот анжумани Ўзбекистонда айни шу муаммога бағишланган кенг қамровдаги дастлабки халқаро тадбирга, илмий конференцияга айланиб кетди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов республика бўйлаб йирик тадбирлар, оммавий концертларни чеклаш бўйича саволга жавоб бераркан шундай деди: 

– Биз фавқулодда комиссия қарори билан, ЖССТнинг тавсиясига кўра, касаллик қайд этилмаган давлат сифатида халқаро тадбирларни чеклаганмиз. Аммо ўзимизнинг ички оммавий тадбирларни, спорт ўйинлари, спектакллар, концертларни чеклашга эҳтиёж йўқ, деб топганмиз.