Давлат думаси 10 март куни Конституцияга киритилган ўзгаришларни иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
- «Единая Россия» ва ЛДПР депутатлари думага муддатидан аввал сайловлар ўтказишни таклиф қилди.
- Валентина Терешкова президентлик муддатини бошидан ҳисоблаш таклифи билан чиқди, бу Владимир Путинга янги сайловларда иштирок этиш имкониятини беради.
- Терешкованинг таклифидан сўнг Путин Давлат думасига келди ва депутатлар олдида чиқиш қилди.
Путин думага муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ва президентлик муддатлари сонига қўйилган чекловни олиб ташлаш учун зарурат кўрмаётганлигини айтди. Аммо президентнинг ваколат муддатларини бошидан ҳисоблашни назарда тутган ўзгартириш Конституциявий суд томонидан қўллаб-қувватланса ва россияликлар буни ёқлаб овоз берадиган бўлса, қарши эмаслигини билдирди.
Муддатидан аввал сайловлар ўтказишни ким таклиф қилди?
10 март куни Давлат думаси йиғилиши бошланиши олдидан ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский 20 сентябрда Давлат думасига муддатидан аввал сайловлар ўтказишни таклиф қилди.
«Агарда янгиланган Конституция апрелда кучга кирадиган бўлса, у ҳолда янги парламент янги ваколатлар билан фаолият кўрсатиши учун Давлат думасига муддатидан аввал сайловлар ўтказишга тўғри келади», деди у.
Жириновский шунингдек, давлат раҳбарини сайлаш ваколатларини Давлат кенгашига ўтказишни таклиф қилди.
Конституцияга киритилган ўзгаришларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида «Единая Россия» партияси ҳаммуассиси ва партия олий кенгаши аъзоси Александр Карелин муддатидан аввал сайловлар ўтказиш таклифини илгари сурди.
«Янги ваколатларимиз учун янги сайловлар ўтказиш маъқул бўлади деб ҳисоблайман», деди у.
«Справедливая Россия» етакчиси Сергей Миронов бу ғояни қўллаб-қувватлади. Коммунистик партия эса бунга қарши чиқди.
Карелиннинг чиқишидан сўнг депутатлар Конституцияга Давлат думасидаги жами депутатларнинг учдан икки қисмининг овози билан дума ваколатлари муддатини қисқартириш қарорини қабул қилиши мумкинлиги тўғрисидаги тузатишни киритди. У ҳолда Россия президенти Давлат думасига янги сайловлар ўтказилишини белгилайди.
Президент учун янги муддат
















