Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Олий Даражали Дўстлик» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган.

Қонунга кўра, «Олий Даражали Дўстлик» Ўзбекистон Республикасининг орденлари таркибига киради. «Олий Даражали Дўстлик» ордени кўкракнинг ўнг томонига ёки орден занжирида тақилади.

Қонунга илова қилинган «Олий Даражали Дўстлик» ордени тўғрисидаги низомга кўра, орден билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари тақдирланади.

Шунингдек, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган улкан намояндалари, инсонпарварлик руҳидаги эзгу ишлари билан ном қозонган меценатлар, бизнес ҳамжамиятининг таниқли вакиллари ҳам мазкур орден билан мукофотланади.

«Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлашда юқорида қайд этилган шахсларнинг Ўзбекистон билан ўзаро дўстлик, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини барқарор ривожлантиришда, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда юксак сиёсий ирода намоён этгани, фаол ташаббусларни илгари сургани ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга янгича руҳ, чуқур ва амалий мазмун бағишлагани ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари инобатга олинади.

Шунингдек, «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан:

  • Ўзбекистон Республикаси билан чет давлатлари ўртасида ҳар томонлама манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро ҳурмат ва ишончни кучайтиришдаги шахсий ҳиссаси;
  • хорижий мамлакатларнинг халқлари билан дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида кўрсатган алоҳида хизматлари;
  • умуминсоний ва миллий маънавий қадриятларни, тарихий меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, турли халқлар маданияти ва санъатини янада бойитишдаги фаол иштироки;
  • ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтириш, йирик ижтимоий-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, инновацион ғоя ва технологияларни яратиш ҳамда турли соҳаларга татбиқ этишда эришган салмоқли натижалари;